Ўзбекистонда бир ҳафта ичида учинчи бола камёб касалликдан вафот этди
Жамият
−
18 Май
56328Бугун, 18 май куни Сурхондарё вилоятида ўткир ости склерозлашган панэнцефалит (SSPE) касаллигига чалинган 6 яшар қиз – Акмурадова Эъзозахон вафот этди. Бу ҳақда унинг ота-онаси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. Бу ушбу ҳафта ичида SSPE билан боғлиқ учинчи ўлимдир.
Хабар беришларича, қизалоқ 2018 йилнинг август ойида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида соғлом ҳолда дунёга келган. У 2024 йилнинг январь ойида қизамиқ асорати туфайли 10 мингтадан 1 болада келиб чиқувчи, жуда камёб касаллик – ўткир ости склерозлашган панэнцефалит (SSPE) хасталигига чалинган.
SSPE касаллигига чалинган ўнлаб болаларнинг ота-оналари QALAMPIR.UZ’га бемор болакайларни даволашда давлат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётганини маълум қилди. Оғир аҳволдаги болалар тиббий ёрдам ва шифокор назоратисиз ўз уйларида сақланмоқда. Республика Болалар Миллий тиббиёт маркази эса болаларни ордер асосида ҳар 3 ойда 10 кунгина олиб қолади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни зарур бўлган дорилар билан таъминламаяпти.
Маълумот ўрнида, SSPE қизамиқ ёки қизилча касаллигидан қолган асоратлар туфайли юзага келадиган мия касаллигидир. Беморда тўхтовсиз судурги, мушаклар тортишиши ёки бўшашиши кузатилади. Унинг олдини олишнинг ягона усули қизамиққа қарши эмлашдир. Ўзбекистонда болалар 1 ёшдан бошлаб қизамиққа қарши эмланади, аммо кўп ҳолларда болалар ёшига етмасдан ушбу касалликка чалинмоқда. Шу боисдан, Ўзбекистонда SSPE касаллигига чалиниш ҳолати сўнгги йилларда авж олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда SSPE билан касалланган болалар сони 100 га яқинлашгани ҳақида хабар берган эдик. Бу аномал ҳодиса ҳисобланади.
LiveБарчаси