Ўзбекистонда баъзи жиноятлар учун жазо кучайтирилмоқда
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
15294Ўзбекистонда бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда айтиб ўтилган.
Унга кўра, эндиликда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқарганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд ўтказганлик, ишларни бажарганлик ёки хизматларни кўрсатганлик учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Шу вақтга қадар бундай жиноят учун фақатгина жарима, мажбурий жамоат ёхуд ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси тайинланарди.
Шунингдек, бундай жиноят етказилган зарарга кўра кўпроқ муддат берилишига сабаб бўлиши мумкин. Жумладан, агар ушбу ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, жуда кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ҳамда такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Худди шу ҳаракатлар одам ўлишига сабаб бўлса 5 йилдан 7 йилгача; одамлар ўлимига, бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.
Бундан ташқари, этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунга асосан шахсларни шарманда қиладиган уйдирмалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланаётгани айтилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь