Ўзбекистонда алимент тўлашдан бўйин товлаганларга янги жазо турлари қўлланилиши мумкин

Жамият

image

Алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш таклиф қилинди. Бу ҳақда бугун, 9 декабрь куни Адлия вазирлигида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида оила қонунчилигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, йиғилиш давомида оилавий ажримларни олдини олиш, фарзандларнинг таълим-тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини ошириш, алимент тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш масалалари таҳлил қилинди.

Йиғилиш давомида Адлия вазири Русланбек Давлетов алимент тўлаш амалиёти бўйича жорий ҳолат ҳамда ушбу масала бўйича хорижий давлатлар тажрибаси таҳлилий қиёслаб, соҳани такомиллаштириш бўйича қуйидаги таклифларни илгари сурди:

•    мажбурий оилага тайёрлов курсларини бепул асосда жорий этиш

•    никоҳланувчи шахсларни бепул асосда бепуштлик юзасидан тиббий кўрикдан ўтказиш

•    никоҳнинг дастлабки 3 йиллигида ёш оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли шартларда маиший, ипотека ва автокредитлар ажратиш

•    алимент тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ масалаларни тарафлар ажрашиш ҳақида судга мурожаат қилган пайтда мажбурий равишда ҳал қилиш

•    алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш шаклидаги таъсир чораларини қўллаш.

Билдирилган таклифлар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Йиғилишда ёшларнинг мустақил ҳаётга моддий ва руҳий томондан тайёр бўлмасдан оила қуриши, бепуштлик, ёшларнинг репродуктив саломатлигидаги муаммолар, эр-хотиннинг оилавий масалаларда ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини турли шахслар томонидан чеклаш кабилар оилавий ажримларнинг асосий сабаблари сифатида кўрсатиб ўтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

оила алимент

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг