Ўзбекистонда ака-ука, опа-сингилларнинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин
Жамият
−
03 Октябрь 2022
15640Ўзбекистонда ака-ука (опа-сингиллар)нинг қуда-андачилиги тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасида сўз боради.
Қонун лойиҳасига мувофиқ:
1) оилавий ҳуқуқларни амалга ошириш ва оилавий мажбуриятларни бажариш тизимини такомиллаштириш мақсадида Оила кодексининг 10-моддаси қуйидаги қоидалар билан тўлдирилмоқда:
“Оилада эр ва хотин шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, ички оилавий масалаларни ҳал қилиш, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, шунингдек ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажарадилар.
Оилавий-ҳуқуқий муносабатларда оила аъзолари: эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларда тенгдирлар.”.
2) шахсий ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган оилавий муносабатлар иштирокчиларининг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи белгиланмоқда (11-модда).
3) ён шажара (насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида) бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишни тақиқлаш назарда тутилмоқда (16-модда).
4) никоҳ шартномасида никоҳланувчи шахсларнинг бўлғуси ота-она сифатида боланинг таълим-тарбияси, уларни моддий таъминлаш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини киритиш белгилаб қўйилмоқда (29-модда).
5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони 15-бандига асосан, яраштириш комиссияси тугатилганлиги ва унинг ўрнига оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ташкил этилганлиги сабабли, Оила кодексининг 40-моддасига ўзгартишлар киритилмоқда.
6) сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича Кодекснинг 49-моддаси ва 54-моддаси ўртасидаги ўзаро мувофиқликни таъминлашга қаратилган қоидалар назарда тутилмоқда.
7) боладан алоҳида яшаётган ота (она) бола билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашишга мажбурлиги белгилаб қўйилмоқда (76-модда).
8) фарзандликка олиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан талаблар кучайтирилмоқда. Жумладан, камида икки йил давомида ўзаро никоҳда бўлган шахслар, шунингдек йигирма беш ёшга тўлган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкинлиги, шунингдек фарзандликка бериш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин суд томонидан синов муддатини жорий этиш белгиланмоқда (152-модда).
LiveБарчаси