Ўзбекистонда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85 фоизга етказилади
Жамият
−
05 Январь 1478 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2030 йилгача аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қамрови 85 фоизга етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигининг “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги лойиҳасида сўз боради.
Унга кўра, Ўзбекистонда ичимлик суви хизматларидан доимий фойдаланиш имкониятига эга аҳоли улушини 85 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда.
Хусусан:
- 2026 йилда 82 фоиз;
- 2027 йилда 83 фоиз;
- 2028 йилда 84 фоиз;
- 2029 йилда 84 фоиз;
- 2030 йилда 85 фоиз.
Шу билан бирга, 2030 йилгача 100 фоиз мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларини тоза ичимлик суви ва замонавий санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, барча ичимлик сув истеъмолчиларига ҳисоблагичлар ўрнатишни 100 фоиз таъминлаш ҳамда ерости сув сатҳи муаммоли ҳолатда бўлган ер майдонларини 773,4 минг гектаргача камайтириш (минг. га /фоиз) режалаштирилмоқда.
Шунингдек, “Туямўйин” сувомбори ҳажмини қўшимча 1 миллиард куб метрга кенгайтириб, 1,2 миллион гектарда сув таъминотини яхшилаш ва ичимлик сув захирасини яратиш ҳамда сувсизлик ва қурғоқчиликка чидамли, ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос экинлар, мева ва узумнинг юқори ҳосилдор навларини яратиш ва ҳосилдорликни 30-35 фоизга ошириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида 2025 йилда 188 та маҳалладаги 715 минг аҳоли яшайдиган хонадонларга биринчи марта тоза ичимлик суви кириб борганини айтган эди.
Live
Барчаси