Ўзбекистонда аҳолини COVID-19’га қарши эмлаш қачон бошланиши айтилди
Жамият
−
15 Февраль 2021
8316Ўзбекистонда айрим тоифа одамларлар орасида коронавирусга қарши эмлаш ишлари жорий йилнинг март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштириляпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган.
Санитария-эпидемиология хизмати хабарига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган. Уларда барча эмлаш ишларини жадвал ва босқичма-босқич амалга оширилади.
Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига биноан қолган аҳоли ҳам эмланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар республикада қўлланилади. Шу мақсадда ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йилда COVID-19’га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон аҳолисининг 20 фоизи миқдорида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцинага буюртма тайёрланиб, COVAX жамғармасига юборилди.
Аввалроқ, биринчи навбатда коронавирус юқиш хавфи даражаси юқори бўлган қуйидаги шахслар эмланиши ҳақида хабар берган эдик:
• 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар;
• сурункали касалликлари бор шахслар;
• тиббиёт ходимлари;
• мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимлари;
• аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.