Ўзбекистонда 9 ойда 123 мингдан ортиқ ўлим қайд этилди
Жамият
−
09:10 1349 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида 123,4 мингта ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг 27 октябрда эълон қилинган демографик ҳолатга оид ҳисоботида маълум қилинди.
Қўмита маълумотларига кўра, 2025 йилнинг мос даврида 132,2 минг киши вафот этган. Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўлим ҳолатлари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,8 мингтага ёки қарийб 6,7 фоизга камайган. Ўлим коэффициенти эса 4,2 промиллени ташкил этган.
Сўнгги беш йилнинг январь—сентябрь ойларида қайд этилган ўлим ҳолатлари сони қуйидагича:
- 2022 йил — 130,2 минг киши;
- 2023 йил — 129,7 минг киши;
- 2024 йил — 131,7 минг киши;
- 2025 йил — 132,2 минг киши;
- 2026 йил — 123,4 минг киши.
Келтирилган маълумотлардан кўринишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўлим ҳолатлари сони сўнгги беш йилнинг мос даврлари орасида энг паст даражага тушган.
Ҳисоботда қайд этилишича, вафот этганларнинг 68,5 минг нафари ёки 55,5 фоизи эркаклар, 54,9 минг нафари ёки 44,5 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келган. Шу тариқа, эркаклар ўртасидаги ўлим ҳолатлари аёлларникидан 13,6 мингтага кўп бўлган.
Яшаш жойи бўйича таҳлилга кўра, вафот этганларнинг 65,7 минг нафари ёки 53,2 фоизи шаҳарларда, 57,7 минг нафари ёки 46,8 фоизи қишлоқларда яшаган.
Шу билан бирга, 2026 йилнинг январь—сентябрь ойларида Ўзбекистонда 638,6 минг нафар бола тирик туғилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 минг нафарга кам.
Туғилганлар ва вафот этганлар сони ўртасидаги фарқ натижасида аҳолининг табиий ўсиши 515,2 минг кишини ташкил этган.
Live
Барчаси27 Октябрь