Ўзбекистонда 70 дан ортиқ парк аттракционлари қўлбола экани очиқланди
Жамият
−
25 Январь 2025 3697 1 дақиқа
Ўзбекистондаги 70 дан ортиқ парк аттракционлари қўлбола экани – ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмагани аниқланди. Бу ҳақда кеча, 25 январь куни АОКАда ўтказилган брифингда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Бекзод Бердиев маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтказилган тадбирлар доирасида саноат, радиация ва ядро хавфсизлигига оид меъёрий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланиб, қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича 1 843 та тавсиявий маълумотномалар расмийлаштирилган.
Республика ҳудудида жойлашган 148 та маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган жами 2120 та аттракционлар ўрганиб чиқилган бўлиб, шундан қўлбола (ишлаб чиқарувчи корхона паспорти ва биркаси бўлмаган) аттракционлар 74 тани, носоз, ишлашга яроқсиз ҳолатда бўлган ҳамда фаолияти тўхтатилган аттракционлар 228 тани, шу кунга қадар рўйхатга олинган аттракционлар 1100 тани ташкил этиши аниқланган.
Шунингдек, 2024 йилда назорат остидаги корхона ва ташкилотларда умумий 44 та бахтсиз ҳодисага йўл қўйилиб, булардан 19 таси ўлим билан тугаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг июль ойида Намангандаги носоз аттракцион сабаб 4 киши жароҳатланганди.
Live
Барчаси