Ўзбекистонда 1,3 минг номдаги янги дарслик ва ўқув-методик материал тайёрланади

Жамият

−

image

Ўзбекистонда 2027 йилгача 1,3 минг номдаги янги дарслик ва ўқув-методик материал тайёрланади. Бу ҳақда бугун, 28 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш, шунингдек, Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимотда сўз боради.

Қайд этилишича, тақдимотда эски авлод дарсликлари таҳлилининг натижалари кўриб чиқилган. Ёдлашга устуворлик берилгани эса болаларнинг мустақил таҳлил қилиши ва олган билимини ҳаётда қўллашига етарлича хизмат қилмаган.

Шу боис, янги ўқув адабиётларини тайёрлашда халқаро тажрибага мурожаат қилинган. Бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилган.

Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, мавзуларнинг ёшга мослиги, изчиллиги ҳамда билимни амалиётда қўллаш имкониятига эътибор қаратилади. 2027 йилга қадар жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.

Дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган топшириқлар ўрин олмоқда. Бола тайёр жавобни эслаб қолиш билан чекланмай, савол бериши, маълумотни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва биргаликда ечим топиши кўзда тутилган.

Ўқув материалларида касбга йўналтириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Айни йўналишда 255 та дарс ишлаб чиқилган бўлиб, улар болаларга ўз қизиқишларини англаш ва келгусида касбни онгли танлашга ёрдам беришга қаратилган. Дарсликлардаги қаҳрамонлар орқали дўстлик, масъулият, жасорат ва ҳурмат каби қадриятлар ҳам болаларга яқин мисолларда очиб берилади.

Экологик саводхонликка оид 300 дан ортиқ мавзу сувни тежаш, табиатни асраш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Молиявий саводхонлик бўйича пулни ҳисоблаш, тежаш, жамғариш ҳамда харидни режалаштириш, рақамли саводхонлик бўйича эса интернетдан фойдали ва хавфсиз фойдаланиш масалалари қамраб олинган.

Тақдимотда янги дарсликларнинг самараси ўқитувчининг улар билан ишлашга тайёрлигига бевосита боғлиқ эканига алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун ўзгаришлар мактабгача таълимдан бошлаб педагогларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ўқувчилар билимини баҳолашгача бўлган жараённи қамраб олмоқда.

Хусусан, “Илк қадам” дастури асосида болаларнинг нутқи, тафаккури, мулоқот ва ижодий қобилиятларини биринчи синфга қадар ривожлантириш йўлга қўйилган. Педагогика олийгоҳларида янги авлод ўқитувчиларини тайёрлашга киришилган. Педагоглар учун танқидий фикрлаш, ижодкорлик, мулоқот ва ҳамкорликка асосланган дарсларни ташкил этиш бўйича махсус ўқув модуллари ишлаб чиқилган.

Малака ошириш дастурлари ҳам янги дарсликлар мазмунига мослаштирилган. Шу асосда 110 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси малака оширган. Сингапурлик ҳамкорлар билан 121 нафар мастер-тренер ва 739 нафар мураббий-ўқитувчи тайёрланиб, улар орқали 90 минг нафар педагог ўқитилган.

Дарсларда ўқувчини мавзуга қизиқтириш, мустақил тадқиқ этишга ундаш, тушунтириш, билимни қўллаш ва натижани баҳолашга асосланган усулларни кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Видеодарслар, анимация, аудиоматериаллар ва интерактив топшириқлар ҳам ўқитувчи ҳамда ўқувчи учун қўшимча имконият яратади.

Педагогларнинг касбий ўсишини баҳолаш ва рағбатлантириш механизмлари такомиллаштирилган. Касбий сертификатлашда ўқитувчининг фан бўйича билими билан бирга педагогик тайёргарлиги ҳам баҳоланмоқда.

Шунингдек, янги таълим мазмунига мос, аниқ мезонларга асосланган баҳолаш тизими 5 мингта мактабда жорий этилган. Бу ўқувчининг фақат маълумотни ёдлаганини эмас, балки уни тушуниши ва қўллай олишини ҳам баҳолашга қаратилган.

Давлат раҳбари дарсликни ишлаб чиқишнинг ўзи етарли эмаслигини, янги мазмунни таълим жараёнига самарали жорий этиш учун педагоглар тайёргарлиги, ўқитиш усуллари ва баҳолаш тизими биргаликда такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлади ҳамда мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг