Ўзбекистонда ҳам кучли зилзила бўлиши мумкинми? ФВВ аҳолига мурожаат билан чиқди
Жамият
−
06 Февраль 2023
104482Бугун, 6 февраль куни Туркия Республикасида содир бўлган ҳамда Сурияда таъсири сезилган зилзилалар ўзбекистонликлар ўртасида турли саросималар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг қўшниси ҳисобланган Афғонистонда ҳам айнан бугун 4,1 магнитудали, Қозоғистонда эса 5,4 магнитудали зилзиланинг юз бергани ушбу ваҳимали ҳолатни янада кучайтириб юборди.
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мазкур хавотирлар юзасидан муносабат билдириб, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслигини маълум қилди.
“Бугунги кунда республикамизда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ҳамкорлигида Сейсмик вазиятни баҳолаш ва келгусидаги сейсмик вазиятни прогноз қилиш бўйича Идоралараро эксперт комиссияси фаолият юритади. Мазкур Идоралараро эксперт комиссияси ҳар ҳафта бўйича Республика ва унга чегарадош ҳудудларда зилзила содир бўлиш эҳтимоллигини комплекс-прогностик кузатув натижаларига асосан баҳолайди.
Ҳозирги кунда зилзилаларни прогноз қилиш соҳасида сейсмометрик, геофизик, магнитометрик ва гидрогеосейсмологик кузатувлар олиб борилади.
Олинган кузатув маълумотлари натижаларига асосан Идоралараро эксперт комиссиясининг 2023 йил 3 февралдаги 5-сонли баёни хулосасига кўра, Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда магнитудаси М≥5 бўлган зилзилалар даракчилари аниқланмаган ҳамда кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжуд эмаслиги маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Вазирликнинг қайд этишича, Туркия ҳудуди сейсмик фаол зонада жойлашган бўлиб, зилзилалар айнан мазкур сейсмоген зоналарда содир бўлмоқда.
Шу сабабли Ўзбекистон ҳудудида сейсмоген ҳолат, бу борадаги амалга оширилаётган ишлар юзасидан аҳолига холис ва ишончли маълумотлар тақдим этиш зарур.