Ўзбекистон Жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади

Спорт

image

Бугун, 5 ноябрь куни Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувини ўтказди. Унда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Парагвай терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этишга эришди.

Учрашувнинг дастлабки бўлимида Ўзбекистон терма жамоаси тўп назорати, зарбалар ва узатмалар бўйича устунлик қилди. 25-дақиқада Абубакр Шукуруллаевнинг узатмасидан сўнг Азизбек Абдумўминов жарима майдончаси ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда, 45+2-дақиқада Муҳаммадали Мусахоновнинг узатмасидан сўнг Азизбек Абдумўминов иккинчи голни ҳам киритди.

Ҳисобда олдинга чиқиб олган Исломбек Исмоилов шогирдлари иккинчи бўлимни бироз хотиржам ўтказди. Парагвай учрашувнинг 89-дақиқасида пенальтидан ҳисобни қисқартиришга эришди, бироқ ҳисобни тенглаштириш учун вақт камлик қилди. Шу тариқа Ўзбекистон U-17 терма жамоаси дастлабки учрашувни ғалаба билан якунлади.

“Ж” гуруҳининг иккинчи учрашувида Ирландия терма жамоаси Панамани йирик 4:1 ҳисобда мағлубиятга учратиб, гуруҳ пешқадамига айланди. Гуруҳ босқичининг 2-турида Ўзбекистон ва Ирландия ўзаро тўқнаш келади. Ушбу баҳс жорий йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Маълумот учун, U-17 Жаҳон чемпионатининг 12 та гуруҳидан 1 ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан тўғри кейинги босқичга йўл олади. Шунингдек, энг яхши натижа қайд этган 8 та жамоа ҳам 1/16 финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Парагвай Ўзбекистон U-17 Азизбек Абдумўминов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг