Ўзбекистон ЕХҲТнинг яна бир тузилмасига қўшилди
Жамият
−
08 Июль 2019
2278Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳига қўшилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент Ассамблеясининг Люксембургда бўлиб ўтаёган 28-йиллик сессияси ишида иштирок этмоқда.
ЕХҲТ ПА 28-сессиясининг биринчи куни ялпи мажлисда Ассамблея раиси Георгий Церетели ўз нутқида хавфсизлик, тараққиёт, демократия, атроф муҳитни ҳимоя қилиш, аҳоли турмушини яхшилаш, сифатли давлат бошқарувини таъминлаш масалаларини илгари суришда қонун чиқарувчилар алоҳида ўрин тутишини таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси тегишли қўмиталар ишида иштирок этиш билан бирга Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳи мажлисида ҳам қатнашди. 2017 йилда таъсис этилган мазкур Қўллаб-қувватлаш гуруҳига ЕХҲТнинг 24 та иштирокчи мамлакати қўшилган. Гуруҳнинг асосий вазифаси транспорт йўлакларини ривожланиришга, савдо ва ташув тартиб-таомилларини соддалаштиришга, шахслар, товарлар ва хизматлар эркин ва хавфсиз ҳаракатланишига кўмаклашишдир. Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистоннинг Ипак йўлини қўллаб-қувватлаш гуруҳига қўшилгани эълон қилинди.
Республиканинг ушбу гуруҳга қўшилиши транспорт-логистика инфратузилмасини, шунингдек муҳим савдо йўналишлари бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга қаратилган жараёнларни қонунлар чиқариш билан қўллаб-қувватлаш учун салоҳият ва имкониятларни анча кенгайтириш имконини бериши қайд этилди.
Сессия доирасида Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ ПА Доимий қўмитасининг мажлисида ҳам иштирок этди. Унинг якунлари бўйича Парламент Ассамблеяси Бош котиби Роберто Монтелланинг ваколатлари муддати узайтирилди.
Парламент аъзолари учта умумий қўмита аъзолари таркибини тасдиқлади, 2019-2020 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ ПА бюджетини қабул қилди ва 29-йиллик сессияси ўтказиладиган жой – Ванкувер шаҳри (Канада) белгиланди.
LiveБарчаси