Ўзбекистон вакили НАТО йиғилишида қатнашди

Жамият

image

Кеча, 5 июнь куни НАТО Ҳарбий қўмитаси танланган ҳамкорлар – Жазоир, Озарбайжон, Иордания, Қувайт ва Ўзбекистон билан энергетика хавфсизлиги, шунингдек, мавжуд шериклик доирасидаги ҳарбий ҳамкорликни кучайтиришдан фойда кўрадиган асосий йўналишларни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказди. Тематик сериядаги иккинчи учрашув бўлган мазкур йиғилишда Ўзбекистон томонидан полковник Анваржон Акбаров иштирок этди. Бу ҳақда НАТО сайтида маълум қилинди.

Йиғилишни очар экан, НАТО Ҳарбий қўмитаси раисининг ўринбосари, генерал-лейтенант Лэнс Ландрум ҳамкор ҳарбий вакилларни қутлаб, умумий муаммоларни ҳал қилиш ва глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш муҳимлигини таъкидлаган.

“Шерикларимиз билан мустаҳкам алоқа ва ҳамкорликни ривожлантириш орқали биз стратегик ва глобал муҳитни ижобий шакллантиришимиз, хавфсизлигимизни мустаҳкамлашимиз ҳамда тобора рақобатдош ва мураккаб дунёда қадриятларимизни қўллаб-қувватлашимиз, шу билан бирга, халқаро тартибни таъминловчи меъёрларни ҳимоя қилишимиз мумкин”, деган Лэнс Ландрум.

Шундан сўнг, НАТОнинг Энергетика хавфсизлиги бўйича маркази директори, полковник Дариус Узкурайтис сўз олган. У ҳар бир давлат муҳим инфратузилма ва энергия хавфсизлиги ҳақида гап кетганда, ўз мустаҳкамлигини таъминлашга масъул эканини айтган.

Тадбирда НАТО Ҳарбий қўмитаси ҳамкорларидан Озарбайжон ва Иордания вакиллари ҳам тингланган. Озарбайжон бўйича ҳарбий вакиллар полковник Агаверди Гулиев ва доктор Эсмира Жафарова мамлакатнинг энергетика хавфсизлиги стратегияси ҳақида маълумот бериб, табиий газ манбалари ва йўналишларини диверсификация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини экспорт қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қайд этган. Иордания бўйича ҳарбий вакил полковник Муҳаммад Ҳасан ҳам ўз давлатининг стратегик қарашларига тўхталиб, унинг энергия хавфсизлиги устувор йўналишларини қайд этиб ўтган. Унинг айтишича, мазкур йўналишлар импорт энергияга боғлиқлигини камайтириш орқали хавфларни озайтириш, муҳим энергия объектларини ҳимоя қилиш, шунингдек, миллий барқарорликни таъминлаш учун киберхавфсизлик чораларини кўришга қаратилган. 

Ўзининг якуний сўзида генерал-лейтенант Ландрум НАТОнинг энергия хавфсизлигини оширишга қаратилган амбицияларини қўллаб-қувватлайдиган бугунги алмашинувлар муҳимлигини таъкидлаган. 

“Ҳамкорлар билан биргаликда янада барқарор ва ишончли энергия манбаларининг муқобил вариантларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳарбий қўмитанинг бундай сессияси ушбу жиҳатлар бўйича фикр алмашиш учун мукаммал платформа яратади. Бугунги мунозаралар ушбу мавзу бўйича кейинги алмашувларга заруратни, шунингдек, НАТО иттифоқчилари ва ҳамкорлари ўртасида янада кўпроқ ҳамкорлик қилиш салоҳияти мавжудлигини кўрсатади”, деган НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made