Ўзбекистон ва Туркманистон орасида эркин савдо режими жорий этилди

Жамият

image

Жорий йилнинг 25 февралидан бошлаб Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режими жорий этилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, режимнинг жорий этилиши натижасида айрим турдаги маҳсулотлардан ташқари икки мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан божхона божлари бекор қилиниб, ўзаро товарлар савдосидаги мавжуд чекловлар бартараф этилган ва савдо тартиботлари соддалаштирилган.

“Масалан, Туркманистонга олиб кирилаётган маҳаллий цемент маҳсулотлари (божхона тўлови 100%), тўқимачилик матолари (50%), мебель (50%), шиша идишлар (50%), сув иситиш қозонлари (15%), пластик ва полипропилен маҳсулотлар (10%), колбаса ва гўшт маҳсулотлари (1 кг учун 2 доллар), пахта ёғи (1 кг учун 1 доллар) божхона тўловлари бекор қилинди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, божсиз савдо режимининг қўлланиши келгусида икки мамлакат ўртасида инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат кооперацияларини ривожлантириш орқали ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга замин яратади.

Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда Туркманистон бозорига маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида эркин савдо режимидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича мунтазам тизимли ишлар олиб борилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригига айлангангани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Туркманистон бож савдо режими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг