Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида 500 млн долларлик компания ташкил этилади
Жамият
−
17 Январь 2023
5286Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компанияси ташкил этилади. Бугун, 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга давлат ташрифи доирасида ушбу компанияни ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сингапурда жойлашган “Истана” қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Бош вазири Ли Сянь Лун музокара ўтказди.
Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг қуйидаги бешта асосий йўналишини кўрсатиб ўтди:
• инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
• Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш;
• илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш;
• шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш;
• инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш.
Ушбу учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Ли Сянь Лунни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Сингапур Президенти Ҳалима Яқубни ҳам ўзига қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган эди.