Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари рафиқалари билан Бухорони зиёрат қилди
Жамият
−
18:48 1032 2 дақиқа
Бугун, 24 август куни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқалари ҳамроҳлигида Бухоронинг жаҳонга машҳур тарихий обидалари – Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари, Кўкалдош мадрасасини зиёрат қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, олий мартабали меҳмонларга ушбу ноёб обидаларнинг тарихи, меъморий хусусиятлари ҳамда Шарқда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилган.

Ташриф Исмоил Сомоний томонидан барпо этилган Сомонийлар мақбарасидан бошланган. Ушбу обида 1993 йилда UNESCO’нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Шундан сўнг етакчилар кўп асрлар давомида Бухоронинг сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган қадимий Арк қалъасига ташриф буюрган. Археологик ва тарихий маълумотларга кўра, қалъа узоқ давр мобайнида шаклланиб келган ва яқин ўтмишдан бошлаб Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи вазифасини бажарган. Бугунги кунда Арк шаҳарнинг энг машҳур обидаларидан бири ва Бухоро тарихий марказининг муҳим қисми ҳисобланади.

Пойи Калон мажмуаси – Марказий Осиёнинг энг салобатли меъморий мажмуаларидан бири. 1127 йилда бунёд этилган машҳур Калон минораси мажмуанинг энг эътиборли иншооти бўлиб, асрлар давомида нафақат Бухоро меъморчилиги намунаси, балки шаҳарнинг ҳақиқий “ташриф қоғози” бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Ансамбл таркибига XVI аср бошларига оид Калон масжиди ва Мир Араб мадрасаси ҳам киради. Ушбу мажмуа ҳақли равишда Шайбонийлар давридаги тарихий Бухоронинг дурдоналаридан бири ҳисобланади.

Олий мартабали меҳмонларда Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳам катта таассурот қолдирди. У қадимий ҳовуз атрофида қурилган ва эски Бухородаги энг машҳур жамоат масканларидан бири ҳисобланади.

Бу ерда Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи жойлашган. Шаҳарнинг ушбу гўшаси асрлар давомида аҳоли, сайёҳлар ва илм аҳлини ўзига жалб қилувчи маскан бўлиб келган ҳамда ўрта асрлардаги Бухоронинг бетакрор муҳитини бугунги кунгача сақлаб қолган.

Ташриф давомида халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳамда тарихий обидаларга туширилган бадиий безакларнинг хусусиятлари ҳам намойиш этилган.


Озарбайжонлик меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг энг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири сифатидаги кўп асрлик тарихи ҳақида сўзлаб берилган.
Live
Барчаси