Ўзбекистон ва Хитой Бош вазирлари учрашди
Жамият
−
04 Ноябрь
2847Бугун, 4 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов Шанхай шаҳрида хитойлик мавқедоши Ли Цян билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати порталида хабар берилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида еттинчи Хитой халқаро импорт маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда фахрий меҳмон мақомида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси бугун, 4 ноябрь куни Шанхайга борган.
Ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашув ўтказилган.
Дастлаб, Ўзбекистон томони Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга йўллаган самимий саломини етказган. Ўз навбатида, Хитой томони Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон раҳбарига эзгу тилакларини етказиб қўйишни сўраган.
Хитой Ўзбекистоннинг ишончли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкори экани, икки томонлама алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, муносабатларнинг бугунги даражага кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўртасидаги ишончли, самимий ва дўстона муносабатлар асосий омил бўлаётгани таъкидланди.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани қайд этилган.
Хусусан, 2023 йилда савдо айланмаси 14 млрд долларга етган. Давлатлар раҳбарлари ҳукуматлар зиммасига унинг ҳажмини 20 млрд долларга етказиш вазифасини қўйган. Мазкур топшириқ ижросини таъминлашда барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун эса ўзаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлиги билдирилган.
Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, саноат, инфратузилма, транспорт-логистика, “яшил” энергетика, тоғ-конь саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, IT, таълим, туризм, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилган.
Шанхайга ташриф доирасида Шанхай шаҳри Партия қўмитаси котиби Чэнь Цзинин ҳамда “Henan investment Group”, “China Datang Group”, “Shanxi Tianhai Group” сингари Хитойнинг йирик компаниялари раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Евросиё Иқтисодий Иттифоқи Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида иштирок этиш учун Арманистоннинг Ереван шаҳрига ташриф буюрган эди.