Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги 2 та чегара пости халқаро мақомга эга бўлади
Жамият
−
29 июн 2336 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги “Сирдарё – Малик” ҳамда “Целинний – Оқ олтин” автомобиль ўтказиш пунктлари халқаро мақомга эга бўлади. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Сенати мазкур ўзгаришларни назарда тутувчи, икки давлат ҳукуматлари ўртасида 2006 йил 4 сентябрда имзоланган давлат чегарасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги протоколни ратификация қилган.
Сенат қўмитаси хулосасига кўра, протокол билан “Сирдарё – Малик” ва “Целинний – Оқ олтин” автомобиль ўтказиш пунктларининг мақоми икки томонлама (давлатлараро) тоифадан халқаро (кўп томонлама) тоифага ўзгартирилади. Шунингдек, ушбу чегара пунктларининг иш режими 24 соат давомида ишлайдиган тартибга ўтказилади.
Бундан ташқари, протоколга мувофиқ, мазкур чегара ўтиш жойларида фақат енгил автомобиллар ҳаракатланишига оид чеклов бекор қилиниб, улар юк-йўловчи транспорти учун ҳам мослаштирилади.
Жумладан, “Целинний – Оқ олтин” чегара пости орқали енгил автомобиллар, бўш юк машиналари, шунингдек, йирик ҳажмли ва оғир вазнли юклар ҳамда товарларни ташувчи транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлади.
“Сирдарё – Малик” чегара пости эса фақат енгил автомобиллар ва бўш юк машиналарининг ҳаракатланиши учун хизмат қилади. Мазкур пункт орқали тижорат мақсадидаги юк ва товарларни олиб ўтишга рухсат берилмайди.
Қайд этилишича, ушбу протоколнинг амалга оширилиши ҳамда Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари транспорт ва йўловчилар оқимини янада самарали тақсимлашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Республикаси мамлакат ҳудудига учинчи давлатлардан янги ёки совутилган помидорларни барча транспорт турлари орқали олиб киришга бир ҳафталик тақиқ жорий этган эди.
Live
Барчаси