Қозоғистон Ўзбекистондан помидор импортини вақтинча тақиқлади

Олам

image
0:00
0:00
download
Қозоғистон Республикаси мамлакат ҳудудига учинчи давлатлардан янги ёки совутилган помидорларни барча транспорт турлари орқали олиб киришга бир ҳафталик тақиқ жорий этди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2026 йил 22 июндаги “Қозоғистон Республикаси ҳудудига помидорларни олиб киришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 250-сон буйруғида сўз боради.

Маълум қилинишича, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров янги ва совутилган помидорларни импорт қилишни вақтинча чеклаш тўғрисидаги буйруқни имзолаган. Ҳужжатга мувофиқ, тақиқ 2026 йил 30 июнгача амал қилади.

Чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлмаган давлатлардан келтириладиган помидорларга нисбатан қўлланади. Шу билан бирга, ЕОИИга аъзо мамлакатлардан импорт қилинадиган маҳсулотлар мазкур чекловлардан мустасно ҳисобланади.

Шунингдек, Қозоғистон ҳудуди орқали помидорларни транзит тарзда ташиш ва иттифоқ мамлакатлари ўртасида республика орқали юк ташиш имконияти сақланиб қолади. Буйруқ кеча, 22 июнь куни имзоланган бўлиб, қабул қилинган кундан бошлаб кучга кирган.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2020 йилдан бери ЕОИИда кузатувчи давлат мақомига эга, аммо тўлиқ аъзо давлат эмас. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва ташувчилардан мазкур талабларни инобатга олишини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда мамлакат ичида ёнилғи тақчиллигига йўл қўймаслик мақсадида чегаралардаги назорат кучайтирилгани хабар қилинганди.

Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг