Ёнилғи тақчиллиги туфайли Қозоғистон чегарада назоратни кучайтиради
Олам
−
20 июн 2710 1 дақиқа
Қозоғистонда мамлакат ичида ёнилғи тақчиллигига йўл қўймаслик мақсадида чегаралардаги назорат кучайтирилмоқда. Бундай топшириқни мамлакат Бош вазир Олжас Бектенов берган. Бу ҳақда “Ulysmedia.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтда мамлакатдаги барча нефтни қайта ишлаш заводлари одатий тартибда ишламоқда. Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистондаги бензин, дизель ва авиация ёнилғиси захиралари 1 миллион тоннадан ошади.
Ёнилғи билан боғлиқ вазият фонида Бош вазир чегаралардаги назоратни кучайтириш ҳамда ёқилғи-мойлаш материалларининг ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича топшириқ берган. Ҳукумат буни ички бозорда барқарор захираларни сақлаб қолишнинг асосий вазифаларидан бири деб ҳисоблайди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, фақатгина сўнгги бир ой ичида қарийб 12 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари олиб чиқиб кетилишининг олди олинган. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ёнилғини ноқонуний олиб чиқишда фойдаланилиши мумкин бўлган бензин баклари қайта жиҳозланган 54 та автомобилни аниқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳридаги бир қатор автоёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) ёнилғи сотишга чекловлар жорий этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси