Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги муаммо 100 йилдан бери давом этаётганди – Ташиев
Олам
−
21 Ноябрь 2022
10777Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентларининг хоҳиш-иродаси ва икки давлат парламентлари кўмагида барча чегара масалалари ҳал этилди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг “Регион ТВ” телеканали эфирида Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги чегараларнинг баҳсли участкалари бўйича саволлар юз йилдан ортиқ вақтдан бери ҳал этилмаган.
“Совет даврида ҳам, СССРдан олдин ҳам баҳсли ҳудудларимиз бор эди. Бугунги кунда давлат чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш бўйича барча масалалар аллақачон ҳал бўлган, давлатларимиз ўртасида ҳеч қандай ҳуқуқий масала йўқ”, дейди Қамчибек Ташиев.
Унинг аниқлик киритишича, демаркация жараёнини якунлаш қолган (делимитациянинг якуний босқичи чегаранинг ўзини белгилаш ҳисобланади), холос.
“Икки Президент келишувни имзолаганидан кейин, Худо хоҳласа, келаси йили демаркация тартибига ўтамиз. Давлат чегараси бўйлаб белгилар қўямиз ва симни тортамиз”, дея изоҳ берди МХДҚ раҳбари.
У чегара масалалари ҳал этилишини тарихий воқеа деб атади ва бевосита бу жараён иштирокчиси эканидан фахрланишини қўшимча қилди.
“Бундай муҳим тарихий жараёнда иштирок этиш мен учун шараф эди. Биз барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб, давлат раҳбаридан рухсат олиб, парламентга тақдим этдик. Бундан шахсан мен давлат хизматчиси ва юртимнинг оддий фуқароси сифатида хурсандман”, дейди Қамчибек Ташиев.
Унинг таъкидлашича, турли тасдиқланмаган далиллар ва миш-мишларга қарамай, келишувлар ўзаро манфаатли шартлар асосида имзоланган.
Маълумот учун, 17 ноябрь куни Жогорку Кенеш Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимни ратификация қилди. 18 ноябрь куни Ўзбекистон Сенати Қирғизистон билан икки томонлама шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунларни ҳам кўриб чиқди ва маъқуллади.
Қирғизистон Республикасида бир қатор фаоллар ва сиёсатчилар ушбу ҳужжатларнинг имзоланишига қарши чиқди. Улар Кампиробод сув омборини ҳимоя қилиш қўмитасини туздилар. 23 октябрда оммавий ҳибсга олишлар бошланди. Расмийлар тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланиб, 26 кишини қамоққа олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, илк бор "Кампиробод" сув омбори қандай қилиб Ўзбекистонга ўтаётганига аниқлик киритган эди.
Кейинроқ 17 ноябрь куни Қирғизистон парламенти ҳам ўзбек-қирғиз чегарасининг қолган қисмини делимитация қилиш ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборини Ўзбекистонга бериш бўйича келишувларни ратификация қилди.
Маълумот учун, “Кампиробод” сув омбори – Тянь-Шан тоғ тизмаларининг 5 ирмоғидан пайдо бўлувчи Қорадарё ўзанига қўйилган гидротехника иншооти. 1962 йили лойиҳалаштирилиб, 1968-1982 йилларда қуриб битказилган бу сув омборининг умумий майдони – 55 кв км, сув сиғими – 1 млд 950 м3 бўлиб узоқ йиллар давомида Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида талаш бўлиб келаётган эди.
LiveБарчаси