Ўзбекистон ва Италия ўртасида маҳкумларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонун маъқулланди
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
3440Ўзбекистон ва Италия ўртасида маҳкумларни экстрадиция қилиш ва ўтказиш тўғрисидаги қонун маъқулланди. Бу ҳақда жорий йилнинг 25 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш, маҳкумларни топшириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш” ҳақидаги қонунлар кўриб чиқилди.
Муҳокамалар чоғида глобаллашув, тобора кучайиб бораётган миграция жараёнлари ҳамда терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик хавфи ортиб бораётган шароитда халқаро ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий асосларини шакллантириш масалалари долзарб аҳамият касб этиши таъкидланган.
Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Рим, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунда жиноят ишларини тергов қилиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юридик ёрдам кўрсатиш асослари ва шарт-шароитлари назарда тутилмоқда. Хусусан, сўровларнинг шакли ва мазмуни, ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки кечиктириш асослари, сўровларни бажариш, ҳимоя чоралари, хавфсизлик кафолатлари, шунингдек, жиноят ишларини таъқибни давом эттириш учун ўтказиш каби муҳим масалалар бўйича қоидалар белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноят ишларини тергов қилиш ва суд муҳокамаси жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистон ва Италия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.
Маҳкумларни топшириш қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ шартнома тузувчи томонларнинг мурожаатлари асосида амалга оширилади.
Муҳокамалар доирасида маҳкумларнинг жазони ўз мамлакатида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам учрашиш имконини яратиши таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартномада ҳар бир томон бошқа томоннинг сўровига кўра ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки бундай шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун бир-бирларига ушлаб бериши асослари ва шартлари кўрсатилган.
“Мазкур шартноманинг ратификация қилиниши суд муҳокамаси самарадорлигини оширишга ва жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга хизмат қилади”, дейилади Сенат хабарида.
Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар шартномалар ратификация қилинишига доир қонунларни қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Италия ва Эрон билан маҳкумларни топшириш бўйича шартномаларни ратификация қилганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур қонун лойиҳасини кўриб чиқиб, қабул қилганди.
LiveБарчаси