Ўзбекистон ва 4 та давлат иштирокида Туркий сармоя жамғармаси ташкил этилади. Алиев битимни маъқуллади
Жамият
−
15 Июнь 2023
8372Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар томонидан ташкил этилган Туркий сармоя жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битимни маъқуллади. Тегишли қонун матни кеча, 14 июнь куни давлат раҳбари сайтида эълон қилинди.
Устав капитали 500 миллион долларни ташкил қилувчи ушбу жамғарма капитали 5 та давлат – Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон (ҳар бирининг 100 миллион доллар) маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.
Ташкилотнинг бош қароргоҳи Истанбулда бўлиши келишиб олинган. Ушбу жамғарманинг устав капитали ҳар бирининг номинал қиймати 50 000 АҚШ доллари бўлган 10 000 та акцияга бўлинади.
Шу билан бирга устав капитали тўланган ва жалб қилинган акцияларга бўлинади. Тўланган акциялар 350 миллион, жалб қилинган акциялар эса 150 миллион долларни ташкил қилади.
Ҳар бир давлат тўланган акциялар учун 4 та ҳисса қўшади: бошланғич бадал 5 миллион доллар, кейинги инвестициялар мос равишда 18 миллион, 23 миллион ва 24 миллион доллар (ҳар бир мамлакат учун жами 70 миллион доллар).
Жалб қилинган акциялар доирасида ҳар бир давлатнинг улуши 30 миллион долларни ташкил этади.
Жамғарма Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, улар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.
Жамғарма Президент, бошқарув кенгаши, директорлар кенгаши ва бош директордан иборат бўлади.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар 2022 йил ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган саммитда инвестиция фондини яратишга келишиб олган эди. Шу боис “Турк инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги шартнома 2023 йил 16 март куни Анқара шаҳрида имзоланган.
Иброҳимжон Ғаффоров
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь