Ўзбекистон “ўлим гуруҳи”да – “Opta”
Спорт
−
06 Июнь 15359 2 дақиқа
2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳлари иштирокчиларининг кучига қараб рейтинг тузилди. Энг кучлилар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам гуруҳи бор. Бу ҳақда “Opta” таҳлилий портали хабар берди.
Мутахассислар ҳар бир гуруҳдаги тўртта жамоанинг ўртача рейтингини ҳисоблаб, турнирнинг энг кучли ва энг заиф квартетларини аниқлаган.
Энг кучли гуруҳ деб Франция, Сенегал, Норвегия ва Ироқ терма жамоаларидан иборат “И” гуруҳи топилди. Ушбу гуруҳ иштирокчиларининг ўртача рейтинги 81,8 баллни ташкил қилди.
Ундан кейин ўртача 81 балл билан Колумбия, Португалия, Ўзбекистон ва Конго Демократик Республикаси жой олган “К” гуруҳи қайд этилди. Шунингдек, Аргентина, Австрия, Жазоир ва Иордания терма жамоаларидан ташкил топган “Ж” гуруҳининг ўртача рейтинги 80,5 баллни ташкил этди.
Барча Жаҳон чемпионати иштирокчилари орасида энг юқори индивидуал рейтинг Испания терма жамоасига берилди – 100 балл. Кейинги ўринларда Франция (98,6), Аргентина (98,5), Англия (93,1) ва Бразилия (92,2) жойлашган.
Энг паст ўртача рейтинг эса Швейцария, Канада, Босния ва Герцеговина ҳамда Қатар терма жамоаларидан иборат “Б” гуруҳида қайд этилди. Ушбу квартетнинг ўртача кўрсаткичи 70,8 баллни ташкил қилди.
“Opta” маълумотларига кўра, турнирдаги энг мувозанатли гуруҳ “Д” гуруҳи ҳисобланади. Унда Туркия, Австралия, Хорватия ва АҚШ терма жамоалари ўрин олган. Жамоалар рейтинги ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлгани сабабли, плей-офф йўлланмалари учун курашнинг қандай якунланишини олдиндан башорат қилиш қийин.
Маълумот учун, ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилнинг 18 июнь куни Колумбия терма жамоасига қарши Жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувини ўтказади. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан тонги соат 07:00 да Мексикадаги “Ацтека” стадионида бўлиб ўтади. Шундан сўнг, терма жамоа 23 июнь куни Португалия билан, 27 июнь куни эса Конго Демократик Республикаси билан баҳс олиб боради.