Ўзбекистон Россиядан макарон сотиб олишни оширди
Жамият
−
08 Декабрь 2025 4005 2 дақиқа
Россия макарон маҳсулотлари экспортини 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида 21 фоизга оширди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Экспорт маҳсулотларини ривожлантириш федерал маркази маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу даврда Россия 154 миллион долларлик макарон маҳсулотларини ташқи бозорларга етказиб берган. Экспортнинг асосий улуши анъанавий тарзда қўшни давлатларга тўғри келади.
Беларусь 35 фоизлик улуш билан етакчилик қилмоқда. Йил бошидан буён ушбу мамлакатга 54 миллион долларлик маҳсулот жўнатилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга кўп.
Қозоғистон иккинчи ўринда турибди – мамлакат 36 миллион долларлик Россия макаронини харид қилган, бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоизлик ўсишни ташкил этади. Ўзбекистон эса 16 миллион доллар билан кучли учликни якунлаб, импортни 19 фоизга оширган.
Қадоқланмаган макаронлар Россия экспортининг асосий қисмини ташкил қилади – 2025 йилда ушбу тоифа экспорт тушумининг қарийб 63 фоизини эгаллаган. Тухумсиз пиширилмаган макарон эса 32 фоизлик улуш билан иккинчи ўринда.
“Макарон маҳсулотлари собиқ Иттифоқ ҳудудидаги ҳамда ундан ташқаридаги кўплаб давлатларда асосий озиқ-овқат маҳсулотидир. Бозорнинг юқори талаб даражаси, Россиядаги замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулот турларининг мунтазам янгиланиб бориши экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда”, деди Федерал агроэкспорт маркази раҳбари Илья Илюшин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2024 йилда Россиядан 39 миллион доллар қарз олгани айтилганди.
Live
Барчаси