Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Робахон Маҳмудова наманганлик сайловчилар билан учрашди
Бизнес
−
24 Июнь 2023
5325Бугун ўзининг ҳунармандчилиги билан дунёга машҳур бўлган Чуст туманида Ўзбекистон Республикаси президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Робахон Маҳмудованинг Наманганлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, учрашувда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг бош ишончли вакили Иномжон Қудратов томонидан сайловчиларга номзод ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Маҳмудова сайловчилар билан юзлашиб, мамлакат ривожи, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга оширишга қаратилган ғоя ва мақсадлари акс этган сайловолди дастури ва унда илгари сурилаётган устувор йўналишлар бўйича иштирокчиларни яқиндан таништирди.
Номзоднинг сайловолди дастурида ватан тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, номзод дастурида халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида таъкидланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Дастурда субсидиялар бериш тизимини янада такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш, имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришни назарда тутувчи таклифлар илгари сурилаётганлиги аҳамиятлидир.
“Биз илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан-таълим-ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз. Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини ошириш чораларини кўрамиз. Биз нафақат олимларни, балки ихтиро ва ихтирочиларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шарт-шароитлар яратамиз.
Шунингдек, интеллектуал мулк объектларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш чораларини кўрамиз”, деди президентликка номзод Робахон Маҳмудова сайловчиларга дастурининг устувор йўналишларини таништирар экан.
Учрашув давомида партия фаоли, Наманган давлат университети проректори Наримон Деҳқонов, халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати Саидолим Абдураҳмонов, партиянинг вилоят Кенгаши “Ёш адолатчилар” қаноти раиси Абдулбосит Собирхонов, ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Нозима Акбарова сўз олиб, Президентликка номзод Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастури юртпарвар ғоя ва мақсадлар жамланмаси эканлигини эътироф этиш баробарида, йиғилганларни кутилаётган муҳим сиёсий тадбирда Робахон Маҳмудовага овоз беришга чақирди.
Учрашув якунида сайловчилар томонидан берилган саволларга президентликка номзод Робахон Маҳмудова батафсил жавоб берди.
Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.
LiveБарчаси