Сиёсий майдонда раҳбар аёллар кўпайиши тарафдориман – Робахон Маҳмудова
Жамият
−
28 Август
3945“Адолат” СДП асосий ғояларини рўёбга чиқаришда хотин-қизлар иштирокини муҳим, деб ҳисоблайдиган сиёсий кучдир. Партия Сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишни, гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаол иштирокчи бўлишни ўзининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаган. Бу ҳақда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова билан суҳбатда маълум бўлди.
Ҳурматли Робахон Анваровна, Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим сиёсий воқелик – парламент ва маҳаллий Кенгашларига сайлов бўлиб ўтадиган кун тобора яқинлашиб келмоқда. Албатта, сайлов – демократия кўзгуси бўлиши билан бирга мамлакатда фаолият олиб бораётган сиёсий кучлар учун жиддий синов, партиянинг халқ олдидаги ҳисоботи ва келгуси беш йиллик режалари бўйича ўзига хос имтиҳони ҳамдир.
Хўш, ўтган беш йилликда “Адолат” партияси сайловолди дастурида белгиланган мақсадларига эришиб, кўзлаган режаларини бажара олдими? Бир сўз билан айтганда, партия сайловчилар ишончини оқладими?
– Аввало, мамлакатимизда улуғ айём нафаси кезиб юрган шундай шукуҳли кунларда партиямизга нисбатан кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирмоқчиман.
Айни пайтда, фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқини тобора яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллик куни билан чин дилдан муборакбод этаман! Давлатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги барчамизга қутлуғ бўлсин!
Албатта, Истиқлол шарофатини, Истиқлол саодатини сўз билан ифодалаш мушкул. Биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш ҳуқуқига эришганимизга эндигина 33 йил тўлмоқда. Тарих учун “киприк қоққанчалик” қисқа бўлган ушбу фурсат ичида она Ватанимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Айниқса, иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, ижтимоий ҳимоя соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар партиямиз томонидан илгари суриб келинадиган ғояларга ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаш лозим. Бу борада янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб эълон қилиниши биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Мустақиллик мамлакатимизда сиёсий партиялар учун аҳоли манфаати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таклиф ва муаммолари билан тизимли ишлашда янгича ёндашувларга таяниш, муҳим ташаббус ва ғояларни илгари суриш имкониятини яратди.
1995 йилнинг февраль ойидан бери самарали фаолият юритиб келаётган бизнинг партиямиз ҳам том маънода истиқлол неъматидир.
Шундай қувончли кунларда она халқимизга қарата яна бир бор Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, дейман!
Энди саволингизга келсак.
Тўғри айтасиз. Сиёсий партиялар учун ғалвир сувдан кўтариладиган паллалар яқинлашмоқда. “Адолат” СДП томонидан 2020-2024 йиллар давомида партиянинг “Асосий тамойилимиз – адолат ҳамма ерда ва ҳар бир инсон учун! Қонун ва адолат устуворлигига эришиш – ҳаракатларимиз мезонидир!” каби халқчил социал-демократик ғоялар асосида Сайловолди дастурида илгари сурилган давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий соҳалар, экология, ташқи сиёсат йўналишларидаги 200 дан ортиқ ташаббусларнинг жуда катта қисми мамлакат ва жамият ҳаётига татбиқ этилди.
Албатта, ҳозир уларни бирма-бир санасак, суҳбатимиз узоқ давом этиши мумкин. Шу боисдан амалга оширилган ишларимизнинг айримларинигина қайд этиб ўтиш билан кифояланаман.
Партия социал-демократларга хос тарзда жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш вазифаси ижроси доирасида янги таҳрирдаги Конституциянинг 136-моддасига судьялар дахлсизлигига оид алоҳида норма киритилишига эришди.
Мазкур норма билан, аввало, судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг дахлсизлиги конституциявий даражада мустаҳкамланди. Судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин эмаслиги кафолатлаб қўйилди.
Бундан ташқари, партиянинг умумий юрисдикция судларини ташкил қилиш ҳақидаги ташаббуси асосида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдиксия судлари ташкил этилди.
Партиямизнинг бу йўналишдаги яна бир ташаббуси – адвокатларнинг мақомини янада кўтариш юзасидан дастуримизда белгиланган вазифа ижроси бўйича янги таҳрирдаги Конституцияга “Адвокатура” номли алоҳида боб киритилди. Олий ҳужжатда адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимоясида бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.
Шу билан бирга, партия дастурида илгари сурилган олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тартибига ўтказиш ташаббуси ҳам амалиётга жорий этилди. Бугунги кунда 40 дан ортиқ ОТМ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Маълумки, сиёсий партиянинг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришда мазкур сиёсий кучнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси муҳим ўрин тутади. “Адолат” СДПнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан ҳам ўтган беш йилликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи доирасида партия электорати ва халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган 450 дан ортиқ қонун лойиҳалари кўриб чиқилгани ҳолда уларда 30 та қонун лойиҳаси қабул қилинишига эришилди.
Шунингдек, фракция аъзолари томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли давлат органларига 107 та депутатлик сўровлари юборилди.
Биргина мисол: ёшларимизнинг олий таълим олиш имкониятини янада кенгайтириш, икки ва ундан ортиқ фарзандлари олий таълимда ўқиётган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида фракция ташаббуси билан Бош вазирга олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган талабаларга тўлов пулларини бўлиб тўлаш бўйича сўров юборилган эди. Фракциямизнинг ушбу ташаббуси Ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланди – ҳозирги пайтда контракт тўловларини тўртга бўлиб тўлаш тартиби жорий этилган.
Шу билан бирга, партия ва фракция ҳамкорлигида олиб борилган ўрганишлар давомида дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатидан бир хил бўлган хорижий ва маҳаллий дори воситалари ўртасида катта тафовут борлиги ҳамда ўзимизнинг айрим маҳаллий маҳсулотлар чет давлатларникидан 10-15 баробар қиммат сотилаётганлиги юзасидан Бош прокуратура ҳамда Рақобат қўмитасига йўлланган депутатлик сўровлари ҳам назоратга олиниб, дорихоналарда сотилаётган ўнлаб дори воситалари нархларининг асосиз равишда оширилишининг олди олинди.
Ўз навбатида, фракция ўқитувчилар ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишда фаол бўлишди.
Булар, юқорида таъкидлаб ўтганимдай, “Адолат”чилар ўтган беш йил давомида амалиётга татбиқ этган ишларнинг бир қисми, холос.
– Робахон Анваровна, шу ўринда бир савол туғилади. Айтинг-чи, шахсан Сиз ўзингиз ўтган давр мобайнида партия томонидан амалга оширилган иш ёки лойиҳаларнинг қайси бири халққа энг кўп нафи тегди, жамиятда мавжуд бўлган жиддий, оғриқли муаммоларни ҳал эта олди, деб ҳисоблайсиз?
– Агар фақат биттасини алоҳида айтиш лозим бўлса, мен, шубҳасиз, йиллар давомида кўпчиликни қийнаб келган “прописка” тизимига нисбатан муносабатимизни айтган бўлар эдим.
Айнан “Адолат” партиясининг Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолдаги саъй-ҳаракатлари, таклифлари натижасида “прописка” тизимига янгича ёндашиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш йўналишида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига эришилди. Натижада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлиш учун бу ҳудудларда доимий рўйхатда туриш талаби бекор қилинди. Хусусан, ўтган ҳафтада Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши ва турар жойи бўйича хабардор қилиши тартиби тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ўйлайманки, бундай амалиёт фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш йўлида катта қадам бўлди.
Бевосита партия лойиҳаларига тўхталадиган бўлсам, ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкинки, бугун партиямизнинг ҳар бир лойиҳаси халқчил ва натижадорлиги сабаб жамоатчилик кўнглидан жой олиб улгурган. Жумладан, партиянинг “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида олиб борилаётган беғараз донорлик лойиҳасини партия лойиҳаларининг локомотиви, дейиш мумкин. Анъанавий тарзда бир йилда икки маротаба, 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” ҳамда 3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни” ва 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида ташкил этиб келинаётган ушбу лойиҳа халқимиз кўнглидан алоҳида жой эгаллаб улгурган.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборат.
Акция доирасида ўтган 5 йилликда республика бўйича жами 20423 нафар кўнгиллилар иштирок этишгани ҳолда бемор болажонлар учун қон топширилди. Ушбу тўпланган донорлик қонларидан минглаб қонга муҳтож болажонлар ҳаётини сақлаб қолишда фойдаланилган.
– Бугун асосан партиянинг 2020-2024 йилларга оид сайловолди дастури ҳақида гаплашяпмиз. Мавзуни бир савол билан давом эттирсак. Робахон Анваровна, партиянинг дастурида белгиланган, бироқ амалга ошмай қолган режа ва мақсадлар ҳақида нима дея оласиз? Уларнинг келгуси тақдири қандай бўлади? Жавоннинг қуйи ғаладонига ташлаб қўйиладими ёки...
– Тан олиб айтиш керак: Сайловолди дастуримизда белгиланган баъзи бир таклиф-ғояларимиз тўлиқ амалга ошмай қолди. Хусусан, партиямиз ўз дастурида дориларнинг ягона электрон базасини шакллантиришни ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилиш таклифини илгари сурган эди.
Бугунги кунгача ушбу йўналишда партиямиз томонидан кўплаб амалий ишлар қилинди ва бир қатор ўрганишлар ўтказилди, танқидий чиқишлар қилинди. Аммо, ҳозирда дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва унда барча дориларнинг номи, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва савдога чиқарувчиси, чет элдан келтирилган дори-дармонлар учун эса импорт қилувчининг маълумотларини кўрсатадиган электрон тизимни татбиқ қилиш масаласи тўлиқ амалга оширилган эмас.
Биз ўз мақсадимизга содиқ қолган ҳолда ва, табиийки, мазкур позициямизда қатъий қолган ҳолда ушбу долзарб масалани янги Сайловолди дастуримизда ҳам акс эттирамиз. Биз дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш ташаббусини илгари суряпмиз. Зеро, бизда “жавоннинг қуйи ғаладони”га ташлаб қўйиладиган масала йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!
– Сиз сиёсий партиялар раҳбарлари орасидаги ягона етакчи аёлсиз. Шу нуқтаи назардан, партия фаолиятида хотин-қизлар, гендер тенглик масалаларига қай даражада аҳамият қаратяпсиз?
Умуман, партия 2020-2024 йиллар оралиғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги нуфузини ошириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган қандай муҳим ишларни амалга оширди?
– Бугунги кунда партиямиз аъзолари 1 миллион 100 минг нафардан ортиқни ташкил этаётган бўлса, улардан 52 фоизи хотин-қизлардир. Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларининг 62 фоизи, партиямиз аъзоси бўлган сенаторларнинг эса 33 фоизи хотин-қизлардан иборат. Охирги 4 йил давомида фракциямизнинг аёл аъзолари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида 27 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлишди.
Жумладан, парламентдаги бир гуруҳ аёл депутатларимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизига оширишни таклиф этишди. Ушбу таклиф инобатга олиниб, Сайлов кодексига тегишли ўзгаришлар киритилди. Бу эса, ўз навбатида, партиямизнинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва, энг муҳими, ишончи юқори эканлигидан далолат беради.
Яна шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, “Адолат” СДП асосий ғояларини рўёбга чиқаришда хотин-қизлар иштирокини муҳим, деб ҳисоблайдиган сиёсий кучдир. Партиямиз Сайловолди дастурида жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишни, гендер тенглигига эришиш, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда фаол иштирокчи бўлишни ўзининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаган.
Шу мақсадда, партиямизнинг “Адолатчи аёллар” қаноти томонидан қатор самарали лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, биргина “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида партиянинг барча даражадаги депутатлик корпуслари, партия фаоллари, “Адолатчи аёллар” қаноти томонидан 5 300 га яқин юзма-юз мулоқотлар, учрашув ва давра суҳбатлари олиб борилгани ҳолда улар 234 045 нафар иштирокчини қамраб олди. Юқорида қайд этилган мулоқотлар ва тадбирлар натижасида оилаларда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида 579 нафар аёлга партия кўмагида “Ҳимоя ордер”лари олиб берилди.
Агар ушбу йўналишда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилсак, партиямиз томонидан салмоқли натижаларга эришилганини кўриш қийин эмас. Қолаверса, келгусида ҳам хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласида партиямизнинг бир қатор долзарб ғоялари, ташаббуслари бор.
Хусусан, биз янги сайловолди дастуримизда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларимизни тизимлаштирган ҳолда зўравонликка учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш ташаббусини илгари сурамиз. Шу билан бирга, биз ижро ҳокимияти тизимида аёлларнинг ўрнини ошириш мақсадида раҳбарлик лавозимларининг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритишни таклиф қиламиз. Саволингизга қўшимча сифатида шуни айтишни истар эдимки, мен шахсан ўзим ҳам сиёсий майдонда раҳбар аёллар кўпайиши тарафдориман.
– Раҳмат. Биз ҳам бу фикрга қўшиламиз, албатта. Бугунги кунда жамиятда юзага келаётган ижтимоий муаммоларга нисбатан сиёсий партияларнинг муносабатлари баъзан сустдек кўринмоқда. Айтинг-чи, сизнингча, ушбу ҳолатларга қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
– Фикрингизни ҳурмат қиламан, аммо унга қўшилмайман. Сиз, эҳтимол, бизнинг фаолиятимиз ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасдирсиз. Бошқа партияларни билмадиму, лекин “Адолат” партияси бугунги кунда жамиятдаги долзарб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар юзасидан тезкорликда ўз муносабатини билдириб келмоқда.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, биз мазкур муносабатларда нафақат мавжуд муаммо ва вазият юзасидан партиямиз позициясини билдиряпмиз, балки уларни самарали ечишга қаратилган аниқ таҳлил ва асосларга эга таклифларимизни ҳам илгари суряпмиз, якунда эса натижага эришиб келяпмиз.
Биласизки, сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётганлиги кўп йиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлиб келаётган эди. Мазкур муаммога партиямиз томонидан жиддий эътибор қаратилиб, бир қатор ҳудудларда ўрганиш ишлари ўтказилди. Ўрганишлар давомида республика бўйича 184 та истироҳат боғларида дарахтзор ҳудудлар камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилгани, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд эканлиги, 98 тасида 1248 та аттракционлар ноқонуний ўрнатилгани аниқланди.
Аҳолимизнинг яшаши ва дам олиши учун ноқулайлик туғдираётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида партиямиз ташаббуси билан “Аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа билан маданий ҳордиқ чиқариш масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу майдонлардаги бино-иншоотни хусусийлаштириш, қуриш ёки бошқача тарзда бегоналаштириш, шунингдек, чегараларини ўзгартириш, мавжуд бино-иншоотнинг қурилиш ости майдонини кенгайтириш қатъий тақиқланмоқда. Бу каби амалий ҳаракатларга яна бир мисол сифатида партиямиз ташаббуси билан Фарғона вилоятидаги “Ёшлар кўли”нинг бузилиши юзасидан чиқарилган вилоят ҳокими қарори бекор қилинганлигини қайд этиш мумкин.
— Юқоридаги жавобингиздан келиб чиқиб айтиш мумкинки, “Адолат” социал-демократик партиясининг айрим масалалардаги таклифлари мавжуд амалиётни, айниқса, Ҳукумат позициясини ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Партия яна қайси масалаларда Ҳукумат позициясини тўлақонли қўллаб-қувватламайди?
— Тўғри таъкидлаганингиздек, биз доимий равишда фуқароларимиз ҳамда партия электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ҳукумат олдига жиддий масалалар қўйиб келамиз. Биласиз, таълим ва тиббиёт соҳалари социал-демократларнинг доимий диққат-эътибори марказида бўлиб келган масалалар сирасига киради. Шу боисдан партия ўз лойиҳалари, депутатлик гуруҳлари ҳамда фракцияси аъзолари ёрдамида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги фаолиятини жиддий таҳлил қилиб боради. Айни вақтдаги ўрганишларимиздан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, умумтаълим мактабларида таълим сифати қониқарли даражада эмас.
Буни мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш имтиҳонлари натижаларида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ОТМларига 2024 йилги кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг 46,9 фоизи ўтиш баллини, яъни 56,7 баллни тўплай олишмади.
Ўқитувчиларнинг маошлари бугунги кунда сезиларли даражада кўтарилди, ойликларни янада ошириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Шундай бўлса-да, мактаб таълими сифати пастлигича қолмоқда. Мактаблардаги таълим сифати пастлиги сабабли ота-оналар ўз фарзандларини ортиқча маблағ сарфлаш эвазига ўқув марказларида, репетиторларда ўқитишга мажбур бўлмоқда. Бу эса ота-оналарнинг фарзандлари мактаб таълими билан ОТМларга ўқишга киролмасликлари бўйича ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Вазирлик жиддий чоралар кўрмаяпти. Биз вазирлик олдига давлат томонидан кўплаб имкониятлар яратилаётган, таълимга ҳисобсиз маблағлар ажратилаётган бир пайтда нима учун натижа етарли эмас, деган саволни қўймоқдамиз.
Биласизки, саломатлик посбонлари бўлган тиббиёт соҳаси ходимлари “Адолат” СДП электорати саналади. Партиянинг айнан тиббиёт соҳасига оид “Адолат – хавфсиз дори-дармон учун”, “Саломатлик йўлида бирлашайлик” ва “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур!” каби лойиҳалари бор. Ушбу лойиҳалар доирасида партия бир қатор ўрганишларни ўтказиб келмоқда. Афсуски, ўрганишларимиз бугунги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига қулай бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари савдосини назорат қилиш борасида етарли даражада иш олиб бормаётганлигини тасдиқламоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш тўғрисида бир неча йиллардан буён бот-бот таъкидлаб келинишига қарамасдан, бу йўналишда вазирлик сезиларли ўзгаришларни амалга ошира олмади.
Тиббий карталар электрон шаклга келтирилмади, рецептлар ҳали ҳам қоғоз шаклида ёзиб берилмоқда. Ваҳоланки, “Ақлли тиббиёт”нинг асосини беморнинг амбулатор картаси, касалликлар тарихи киритилган электрон маълумотлар базаси ташкил қилади.
Ачинарлиси, сўнгги икки йилда тиббиёт соҳасини рақамлаштиришга бюджетдан 90 миллиард сўм йўналтирилган бўлса-да, натижалар кутилганидек бўлмаяпти. Шифокорлар ва фармацевтика компанияларининг ўзаро хуфиёна келишувини айтмаса ҳам бўлади. Биз келгуси беш йилликда вазирлик фаолиятини тубдан такомиллаштириш, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “электрон поликлиника” ва “ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш ҳамда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот учун жиноий жавобгарлик белгилаш борасида бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга оширамиз. Шунингдек, бугунги кунда дорихоналарда сотилаётган айрим дори воситаларининг нархи қимматлиги фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Аксарият дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатдан бир хил бўлган дори воситаларининг нархлари ўртасида катта тафовут бор. Яъни номланиши, ишлаб чиқарувчиси бир хил бўлган дори икки-уч хил нархларда сотилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳам дори воситаларининг айланмасини тўғри ташкил этиш ҳамда уларнинг сифатини назорат қилиш тизимини ярата олмади. Мисол учун, агар ушбу соҳа мутасаддилари яхши ишлаганда “Dok-1 Max” дори воситаси истеъмолидан 68 нафар бола ҳалок бўлмас эди.
Бу каби муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш зарур.
Хатолар-ку тузатилар, аммо инсонларнинг бой берилган ҳаётини, саломатлигини тиклаб бўлмайди.
– Жорий йилда ўтадиган сайловда “Адолат”га қайси партия асосий рақиб бўлади деб ўйлайсиз?
– Биласизми, сиёсий майдондаги ўрнимиз ва бўлажак сайловлар учун ишлаб чиқилган стратегиямиз бизни мақсадларимизга эришиш учун ҳар томонлама самарали ҳаракат қилишга ундайди. Шу сабабли биз диққатимизни қайсидир рақибга қаратган ҳолда ўз имкониятларимизни чеклаш ўрнига барча саъй-ҳаракатларимизни халққа хизмат қилишга қаратганимиз муҳимроқ, деб ҳисоблаймиз. Биз учун энг муҳим вазифа – фуқароларимиз ишончини оқлаш ва уларнинг фаровонлигини оширишдир. Айни вақтда сайловда қатнашаётган ҳар бир партия бизга рақиб эканлигини яхши англаймиз. Айни пайтда, кўп йиллардан буён етакчилик қилиб келаётган ЎзЛиДеПни асосий рақибимиз, десам тўғри бўлади.
– Сайлов жараёнлари қизғин паллага кирмоқда. Сиз билан бўлаётган суҳбатимиз асносида қисқа саволларимиз ҳам бор эди:
– Қанақа овқатни хуш кўрасиз?
– Миллий таомларимизни.
– Иш куни ёқадими ёки шанба-якшанба?
– Иш ҳам, дам олиш ҳам ўз вақтида бўлгани яхши.
– “Дом”ми, ҳовли?
– Меҳр-мурувват қўрғони мустаҳкам бўлса, қаерда яшаш масаласи иккинчи даражали.
– Қанақа машинада юришни яхши кўрасиз?
– Машинада юришни ҳашамат эмас, эҳтиёж сифатида баҳолайман. Ҳаракат вақтидаги қулайлиги муҳим, деб ўйлайман.
– Қайси рангни ёқтирасиз?
– Кўк рангни.
– Феъл-атворингизни қандай таърифлайсиз?
– Янгиликларга, ташаббусларга очиқман. Иложи борича вазиятга ҳақиқий баҳо беришга ҳаракат қиламан.
– Сиз арбобсиз. Сизга хушомад қилишса, ёқтирасизми?
– Айнан шундай тоифага нисбатан муросасиз кайфиятдаман.
– Қайта яшаш имконияти туғилса, яна ҳуқуқшунос бўлармидингиз?
– Албатта.