“Адолат” СДП ҳукумат қарори лойиҳасига қарши чиқди
Жамият
−
20 Ноябрь 2023
9703Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча Чилонзор туманидаги уйларнинг қайта, кўп қаватли қилиб қурилиши ҳақидаги таклифга қаршилигини билдирди.
Гар шундаки, 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2024 йилда Тошкент шаҳар Чилонзор туманини Хитой тажрибаси асосида, шу жумладан янги ёндашувлар, инновацион ва “яшил технологиялар” ҳамда бошқарувда замонавий усулларни қўллаган ҳолда камбағалликдан чиқариш тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳасини regulation.gov.uz порталига муҳокама учун жойлаштирганди.
Унга кўра, Чилонзор тумани ҳудудидан Дўмбиробод, Кичик ҳалқа йўли, Дилхуш 2-тор кўчаси кесишмалари оралиғида жойлашган йўл бўйидаги аҳоли хонадонлари ҳамда хизмат кўрсатиш объектларини эгалари билан келишган ҳолда реновация асосида кўп қаватли қилиб қайта қуриш ва 1-қаватида янги замонавий хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш белгиланган.
Аммо “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари, экспертлари мазкур қарор лойиҳасини атрофлича ўрганиб, таҳлил этганида режалаштирилаётган айрим масалалар юзасидан саволлар юзага келди. Шу сабабли, партия мазкур қарор лойиҳасини кенг жамоатчилик, шу жумладан, Чилонзор тумани аҳолиси билан муҳокама қилиб, уларнинг фикрини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш керак эканлигини билдирди.
“Реновациянинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, хусусан, уни амалга оширишнинг қатъий талаб ва тартиблари, уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этиш кафолатлари бўлмасдан туриб, бу борада лойиҳаларнинг амалга оширилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларига путур етказиши мумкин”, дейилади партиянинг муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экологик партияси ҳам Тошкент шаҳридаги Ботаника боғини Фанлар академияси тасарруфидан пойтахт ҳокимлиги тасарруфига ўтказиш ҳақидаги қарор лойиҳасига норозилик билдирганди.
LiveБарчаси
Шавкат Мирзиёев Саудияга етиб борди.
11 Ноябрь
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь