Ўзбекистон поездларини танқид қилган россиялик блогер Тошкентга кўчиб келмоқчи

Жамият

image

Россиялик машҳур YouTube блогери ва шаҳарсозлик таҳлилчиси Илья Варламов Тошкентга кўчиб келмоқчи. Бу ҳақда у ўз Telegram каналида маълум қилган.

У шу даврга қадар Ўзбекистон, Тошкент ҳақида кўплаб контентлар яратган бўлиб, видеоларида мамлакатнинг бой маданий мероси, тарихий меъморчилиги ва замонавий ривожланиш жараёнлари ҳақида илиқ фикрларни билдириб келган.

“Маданиятшуносликни ўрганардим. Жуфт кунларда Ҳазрати Имом ансамблига, тоқ кунларда эса кўркам бекатларга эга Тошкент метросига ташриф буюрган бўлардим. Тошкент ҳайвонот боғига бориб, қор қоплонлари ва туяларни томоша қилардим. Ҳаммага Абдул шер ҳақида гапириб берардим. Шундай қадимий Эски-шаҳар турганда, сайёҳлик кўчаларига эътибор ҳам бермасдим. Чорсу бозоридан нодир китобларни топган бўлардим. Кўкалдош мадрасаси суратини чизардим. Навоий хиёбонини айланиб юрардим. “Ялла”ни, ўзбек чолғулари садоларини тинглардим”, дея пост қолдирган Варламов.

Шунингдек, Варламов нафақат шаҳарни севиш, балки унинг меросини асраб-авайлаш муҳимлигини ҳам эслатган. Шу сабабли рус шаҳарсози Тошкентни асрашга “бел боғламоқчи”.

“Эски маҳаллалар ва тарихий архитектурани замонавий таъсирлардан ҳимоя қилиш, Чорсу бозорини модернизация таҳдидларидан сақлаш каби ташаббусларда қатнашишга тайёрман. Тошкентнинг ўзига хослиги – унинг бой тарихида ва ушбу тарихни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг вазифасидир”, деган у.

Блогер азим пойтахтнинг гастрономик имкониятлари ҳақида ҳам тўхталар экан, сомса, палов ва бошқа миллий таомларни татиб кўриш орзуси борлигини, айниқса, эски чойхоналарда чой ичиш ва бозорлардан ўзбекча зираворлар харид қилиш унинг шахсий “Истаклар рўйхати”дан жой олганини қўшимча қилган.

“Мен Наврўз байрамини шу ерда нишонлаш, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарларни зиёрат қилиш ва Ўзбекистоннинг бой тарихи билан яқиндан танишишни режа қилганман”, дея ёзган Варламов.

Маълумот учун, россиялик блогер Илья Варламов аввалроқ Тошкентда бўлган ва ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон темир йўлларининг “люкс” вагондаги саёҳати давомида скотч ёпиштирилган деразалари, кир столи ва ҳожатхонаси ҳамда бузилган душини танқид қилган эди.

Унинг бу танқидига эса поезддаги масъуллар ўзбекистонликларнинг маданиятсиз эканини билан изоҳлаган.

“Шахсан мен бу ерда, бундай поездга чипта сотишдан уяламан, чунки одамлар, айниқса, чет эллик бўлса, шу поездда юриб, Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳақида виждонсиз, деган фикрга келишади. Аслида ундай эмас. Ўзбеклар ажойиб, озода ва тартибли одамлар. Лекин поезд бошлиғи ёки вагон назоратчиси ўзбекларни “подстава“ қиляпти. Улар уялиши керак. Умид қиламанки, уларга танбеҳ берилади”,  деган эди у ўшанда.

Аммо унинг танқидига “Ўзтемирйўлйўловчи” Илья Варламов санаган камчиликларни бартараф этиш ўрнига  ўша санада хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўллаш орқали жавоб қайтарган ва бу жавоб Варламовни хафа қилган.

Эслатиб ўтамиз,  Илья Варламов ўтган йилнинг 8 март куни Туркманистон фуқаролигини олганини эълон қилган бўлсада, орадан бир кун ўтиб, бу хазил экани, қандай қилиб бундай мамлакат фуқаролигини олишни хоҳлаш мумкинлигини тушинмаслигини айтганди. Россия Адлия вазирлиги эса уни “хорижий агент” деб эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Илья Варламов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг