Россиялик блогер Варламов Ўзбекистон поездидаги шароитни танқид қилди
Жамият
−
21 Май 2023
25308Россия Адлия вазирлиги томонидан “хорижий агент” деб эълон қилинган россиялик журналист ва блогер Илья Варламов Самарқанддан Тошкентга қатнайдиган поезддаги шароитни танқид қилиб чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook' даги саҳифасида видеолавҳа жойлаштирган.
Унинг сўзларига кўра, у шаҳарлар орасида қатнайдиган поездга чиққан.
“Хафа бўлмаслик учун мен одатдаги ўриндиқларга ўтирмадим, балки люкс купе олдим. Лекин люкс купе Ўзбекистонда, юмшоқ қилиб айтганда, аҳамиятсиз бўлиб чиқди”, дейди Варламов.
У поезддаги шароитларни кўздан кечириб, шароит тўланган пулга арзимаслигини айтиб ўтган.
Варламовнинг қайд этишича, у жойлашган поезд купесидаги жиҳозлар чанг ва кир ҳолатда бўлган. Шунингдек, у купе ойнасига скотч ёпиштирилганини, ёстиқ жилдлари тоза эмаслигини танқид қилган.
Бундан ташқари, журналист купеда ювиниш хонаси мавжудлигини лекин у беркитиб қўйилганини танқид остига олган. Шу билан бирга, у ҳожатхона абгор ҳолатдалигини айтиб, тоза эмаслигини билдириб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Илья Варламов жорий йилнинг 8 март куни Туркманистон фуқаролигини олганини эълон қилганди. Лекин орадан бир кун ўтиб, бу хазил экани, қандай қилиб бундай мамлакат фуқаролигини олишни хоҳлаш мумкинлигини тушинмаслигини айтган. Шундан сўнг, уни Россия Адлия вазирлиги “хорижий агент” деб эълон қилди.
LiveБарчаси