Ўзбекистон Покистоннинг МОдаги энг йирик савдо шеригига айланди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон-Покистон бизнес форумида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбирда икки мамлакат етакчи компанияларининг 300 нафарга яқин раҳбарлари ва вакиллари иштирок этган. Покистон томонидан “Al-Rafique Enterprises”, “Mehran Dates Products”, “Brighto Chemicals”, “Transfopower Industries”, “FWO”, “T.M.C”, “Pakistan Mobile”, “TCS” ва бошқа кўплаб компаниялар қатнашган.

Мирзиёев ўз нутқида бугун бўлиб ўтган самарали музокараларда кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилингани, катта режа ва вазифалар белгилаб олинганини таъкидлаган. Шунингдек, олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини тузишга келишиб олинган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг “локомотиви” сифатида белгиланган.

“Улкан салоҳиятга эга бўлган иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиришга қодир”, деган Шавкат Мирзиёев.

Маълум қилинишича, ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошган ва 130 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик савдо шеригига айланган.

“Бизнес форумлари, саноат кўргазмалари ўтказилмоқда. Карачи ва Тошкент шаҳарларида савдо уйлари ташкил этилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлиги янги лойиҳалар билан бойимоқда. “Pak Merit”, “Diamond Group”, “Silk-way”, “Getz Pharm”, ”Gerbion”, “NLS” ва бошқа компаниялар билан лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор таклифларни илгари сурган.

Аввало, йилига камида икки марта – Ўзбекистон ва Покистонда бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда ишбилармонлик тадбирларини мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги таъкидланган.

“Жуғрофий яқинликни ҳисобга олиб, товар айирбошлаш ҳажмини кескин ошириш, шу жумладан амалдаги имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш, фитосанитария, карантин ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Электрон савдо платформаларини интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилади”, дейилади хабарда.

Хабарга кўра, транспорт-логистика компаниясини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Шунингдек, Хитойни Марказий Осиё билан боғлайдиган темир йўл қурилиши бошлангани қайд этилган.

“Келажакда ушбу стратегик йўл Покистон бандаргоҳлари олиб чиқиши мумкин, бу эса ўзаро савдо ва инвестицияларни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, учрашувда ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланган. Шу маънода, ҳудудлар раҳбарларининг ўзаро ташрифларини фаоллаштириш, бунда икки мамлакат ишбилармон доираларини кенг жалб этиш муҳимлиги қайд этилган.

Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини, шунингдек, бизнес юритиш учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, шерикликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев бизнес форум Шаҳбоз Шариф Покистон Ислом Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг