Ўзбекистон Олимпия жамоаси Гонконгни йирик ҳисобда мағлуб этди
Спорт
−
07 Октябрь 2023
5346Бугун, 7 октябрь куни Ханчжоуда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларининг эркаклар футболи бўйича Ўзбекистон-Гонконг U-23 жамоалари 3-ўрин учун майдонга тушди.
Мусобақанинг ярим финал учрашувида Корея Республикаси вакилларига 2:1 кўринишида имкониятни бой берган Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси рақиб дарвозасига жавобсиз 4 та тўп киритган ҳолда ўйинларнинг бронза медалига эга чиқди.
Алишер Одилов 43-дақиқада Гонконг дарвозасини ишғол қилди ва ҳисобни очди. Темур Кападзе шогирдлари ўйиннинг биринчи бўлимида битта гол билан чекланди.
Ҳусайн Норчаев иккинчи таймга старт берилиши биланоқ, баҳснинг 49 ва 59-дақиқаларида дубл қайд этиб ҳисобни 3:0 кўринишига етказиб қўйди. Сўнги гол эса 74-дақиқада Алибек Давронов томонидан урилди.
Шу тариқа Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Гонконг устидан 4:0 ҳисобида ғалабага эришди. Маълумот учун, бу ушбу жамоаларнинг Осиё ўйинлари доирасидаги 3-тўқнашуви бўлди ва ҳар учала ўйинда Ўзбекистон вакилларининг қўли баланд келди.