Ўзбекистон ОАВ эркинлиги рейтингида юқорилади

Жамият

image

Ўзбекистон “Чегара билмас мухбирлар” (Reporters Without Borders) ташкилотининг мамлакатлардаги матбуот эркинлиги рейтингида 4 поғона юқорилаб, 156-ўринни эгаллади. 2020 йилдаги рейтингга дунёнинг 180 мамлакати киритилган.

Ташкилот Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери қамоқда бўлган журналистларнинг озодликка чиқарилганини эътироф этган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда блоклаб қўйилган қатор сайтлар фаолиятига рухсат берилгани ҳам қайд этилган. ОАВни рўйхатга олиш осонлашганига эътибор берилган.

Мамлакатда сиёсий тадбирлар онлайн намойиш этилаётгани ва баъзи журналистлар коррупция, мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ёритаётгани таъкидланган.

Ташкилот мамлакатда ОАВ эркинлигига тўсиқ бўлаётган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтган. Хусусан, ҳамон энг юқори даражадаги ҳукумат вакилларини танқид қилиш шаклланмаган. 

“Ҳокимиятдагилар ОАВга тўсиқ бўлувчи айрим қонунларни ислоҳ қилишга шошилмаяпти. Кузатувлар, ташқи ва ички цензура ҳалигача мавжуд ва ОАВ устидан сезиларли назорат сақланиб қолмоқда ҳамда ҳокимият буни қўллаб-қувватлаяпти. Блогерларга таҳдид қилинмоқда ва улар ҳибсга олиняпти”, дейилган ташкилот ҳисоботида.

Шунингдек, Ўзбекистон хорижликлар ва мамлакатга киритилмай келган чет эллик журналистларга ўз эшикларини қайта очгани, аммо баъзи хорижий журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг аккредитация олиши осон бўлмагани айтиб ўтилган.

“Сиёсий плюрализм ва адолатни таъминламай туриб, матбуот эркинлигини тўлиқ тиклаш қийин бўлади. Ўзбекистон ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши лозим”, дейилади халқаро ташкилот муносабатида.

Матбуот эркинлиги рейтингида дастлабки ўринларни Норвегия (1-ўрин), Финляндия (2-ўрин), Дания (3-ўрин), Швеция (4-ўрин), Нидерландия (5-ўрин), Ямайка (6-ўрин), Коста-Рика (7-ўрин), Швейцария (8-ўрин), Янги Зеландия (9-ўрин), Португалия (10-ўрин) банд қилган.

Шимолий Корея (180-ўрин), Туркманистон (179-ўрин), Эритрея (178-ўрин), Хитой (177-ўрин), Жибути (176-ўрин), Вьетнам (175-ўрин), Сурия (174-ўрин), Эрон (173-ўрин), Лаос (172-ўрин), Куба (171-ўрин), Саудия Арабистони (170-ўрин) матбуот энг "бўғиб" қўйилган мамлакатлар сифатида қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ОАВ Чегара билмас мухбирлар

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг