Ўзбекистон муфтийси “Толибон” таклифи билан Қобулга борди

Олам

image

Жорий йилнинг 23 октябрь куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг Ҳидоят, ҳаж ва вақфлар вазирлигининг расмий таклифига биноан Ўзбекистон диний уламолари делегацияси Қобулга борди. Бу ҳақда TOLO News хабар берди.

Қайд этилишича, ташриф давомида ўзбекистонлик уламолар, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназаров “Толибон” расмийлари билан икки томонлама муносабатлар, диний ва таълим масалаларини муҳокама қилган. Шунингдек, делегация Афғонистоннинг муқаддас ва тарихий жойларини зиёрат қилган.

Бундан ташқари, учрашувда турли масалалар, жумладан, Қобул ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш масалалари кўтарилган.

“Улар (Ўзбекистон делегацияси) Ўзбекистонда маданий, диний ва таълим соҳаларидаги ютуқлар ҳақида маълумот беришди”, деди “Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Қайд этилишича, муваққат ҳукумат бош вазирнинг маъмурий ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий Ўзбекистон диний уламоларининг Афғонистонга сафари икки халқ ўртасидаги дўстлик, яқин қўшничилик ва умумий манфаатлар белгиси эканини таъкидлаб, бу ташриф мавжуд умумий асослар доирасида икки давлат ўртасида янги ҳамкорлик имкониятларини яратишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Тошкентда Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг Ҳаж ва диний ишлар вазири вазифасини бажарувчи Нур Муҳаммад Соқиб Ўзбекистон муфтийси шайх Нуриддин Холиқназаров билан учрашган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

“Толибон” Ўзбекистон муфтийси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг