Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи ва футболчиси коронавирусга чалинди
Спорт
−
12 Январь 2022
6652Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчи Ҳожимат Эркиновда коронавирус аниқланди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
“Бугунги кунда яна тез суратларда тарқалаётган коронавирус инфекцияси футбол оламига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам Cовид-19 билан боғлиқ вазият четлаб ўтмади. Хусусан, миллий терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец Дубайдаги йиғинга Словениядан етиб келиши режалаштирилган эди. Бироқ, бевосита кетиш олдидан топширилган тест мусбат натижани келтириб чиқарган. Шу тариқа, словениялик мутахассис ўз юртида карантин ўташга мажбур бўлди. Умид қиламизки, карантин даври тугагач, мураббийимиз ўз соғлиғини тиклаган ҳолда терма жамоа бошқарувига қайтади. Унга қадар Катанецнинг ёрдамчи мураббийлари йиғиннинг бошланғич қисмида терма жамоани бошқариб туради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, “Пахтакор” клуби футболчиси Ҳожимат Эркинов терма жамоа билан БАА мамлакатига етиб борганидан сўнг тест топширган ва унда ҳам COVID аниқланган:
“Жамоамиз Дубай шаҳрига етиб боргач, делегациянинг барча аъзолари PZR тест топширган. Тестлар натижасига кўра, Ҳожимат Эркиновда мусбат жавоб қайд этилган. Шу сабабли у белгиланган тартибда, жамоадан ажратилган ҳолга карантин ўташни бошлади. Карантин муддати якунига етгач, футболчимиз қайта тест топширади ва натижадан келиб чиқиб, кейинги машғулотлари режа қилинади”.
Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец шогирдлари жорий йилнинг 21 январь куни Японияга қарши ўйин ўтказиши керак эди. Бироқ қунчиқар мамлакат футбол ассоциацияси коронавируснинг “omicron” штамми туфайли Ўзбекистонга қарши режалаштирилган ўртоқлик учрашувини бекор қилган.
LiveБарчаси