Ўзбекистон МДҲда электрон чиқиндилар энг кўп давлатлар қаторига кирди

Олам

image

Сўнгги ўн йил ичида МДҲ давлатлари ва Грузия ахлатхоналарида электрон чиқиндилар миқдори деярли бир ярим баравар кўпайган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари томонидан олиб борилган тадқиқот дарак беради.  

Тадқиқотга кўра, бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи қайта ишланади.

“Электрон чиқиндиларни йўқ қилиш МДҲ мамлакатлари иқтисодиётига кўп фойда келтириши мумкин. Масалан, 2019 йилнинг ўзида 10 тоннадан ортиқ олтин, ярим тонна ноёб тупроқ металлари, бир миллион тонна темир, 85 минг тонна мис ва 700 тонна кобальт чиқиндихоналарга келтирилган. Бу материалларнинг барчасининг нархи 2,6 миллиард доллардан ошади”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири, БМТ университетининг етакчи тадқиқотчи ходими Кис Бальде. 

Электрон чиқиндиларга эскирганидан кейин чиқиндихонага тушган электрон қурилмаларнинг таркибий қисмлари киради. Қоидага кўра, бундай чиқиндиларда олтин, литий, кобальт ва бошқа элементларнинг нисбатан катта миқдори сақланиб қолади, уларнинг захиралари эса Ерда чекланган. 

Янги тадқиқотда Бальде ва унинг ҳамкасблари МДҲнинг 11 давлати ва Грузиядаги электрон чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни кўриб чиққан. Маълум бўлишича, сўнгги ўн йил ичида импорт қилинадиган электроника ҳажми деярли ўзгармаган, бироқ ҳар йили Россия ва қўшни мамлакатлардаги ахлатхоналарга тушадиган электрон чиқиндилар миқдори деярли 1,5 баравар ошган. 

Уларнинг аксарияти Россия, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекистонда. Бу чиқиндиларнинг атиги 3,2 фоизи, яъни 79 минг тоннага яқини қайта ишланган. 

Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари бор-йўғи тўртта давлатда — Беларусь, Қозоғистон, Россия ва Украинада мавжуд. Уларнинг аксарияти Беларусда бўлиб, у ерда тўпланган электрон чиқиндиларнинг тахминан 33 фоизи қайта ишланади. Бошқа барча давлатларда бу кўрсаткич 5-10 фоиздан ошмайди ёки бутунлай нолга тенг. 

Бундай чиқиндиларни қайта ишлаш билан боғлиқ вазият барча МДҲ мамлакатларида бизнес учун ҳуқуқий асос ишлаб чиқилмаганлиги сабабли мураккаблашади. Хусусан, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда бундай нормалар йўқ. 

Бальде ва унинг ҳамкасблари Грузия ва МДҲ давлатлари расмийларини бундай бўшлиқларни бартараф этишга ҳамда электрон чиқиндиларнинг тўпланиши ва уларни қайта ишлашни кузатишни осонлаштирадиган шарт-шароитларни яратишга чақирмоқда. Олимларга кўра, бунинг шарофати билан бир вақтнинг ўзида бундай чиқиндилардан барча қимматбаҳо материалларни ажратиб олиш, табиатни электроника ишлаб чиқаришда қўлланиладиган симоб, кадмий ва бошқа заҳарли моддалар тўпланишидан ҳимоя қилиш мумкин бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ БМТ чиқинди

Баҳолаганлар

127

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг