Ўзбекистон Малайзия билан киберхавфсизлик бўйича ҳамкорлик қилади
Жамият
−
11 Февраль 2020
3192Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов ушбу мамлакат Миллий киберхавфсизлик агентлиги (NACSA) директори Шоҳ Нурий Муҳаммад Заин билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Малайзия киберхавфсизлик соҳасида тизимлар, тармоқлар ва дастурий таъминотларни ҳимоя қилиш бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал электралоқа иттифоқи (МСЭ) талқинига кўра, Малайзия киберхавфсизлик индекси бўйича 175 давлат орасида 8-ўринда ва Осиё-Тинч океани минтақасида эса Сингапурдан кейин 2-ўринда туради.
Aгентлик директори ушбу йўналишда Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида мамлакатнинг Глобал электралоқа иттифоқи рейтингидаги ўрни яхшиланиб, 93-ўриндан 52-ўринга кўтарилгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Нурий Заин мамлакатда электрон ҳукуматни жорий этиш, онлайн-банкинг, рақамли иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу соҳани ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш, ўзаро ташрифларни ташкил этиш, илғор тажриба алмашиш ва ўзбекистонлик ахборот технологиялари соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш бўйича тренинглар ўтказишни ташкил қилиш, шу орқали NACSAнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олинди.
LiveБарчаси