Ўзбекистон мактабларида Россия тарихи ҳақиқатга зид тарзда ўқитиладими?

Жамият

image

Ўзбекистонда мактабларда тарих фани дарслиги ёлғон маълумотлар билан тўлдирилгани, унда Россия мустамлакачи сиёсат олиб боргани бўҳтонлар борлиги иддао қилиняпти. Бу ҳақда “Asia Today” ёзмоқда.

Нашрнинг қайд этишича, агар мутолаа қилувчилар умумтаълим мактабларининг 5-синф дарслигини очиб қараса, ундан кўплаб янги ва ҳатто “ҳайратланарли” нарсаларни ўрганиши мумкин. Дарсликда Рус императори Пётр I табиий ресурсларга бой бўлган бу ҳудудни эгаллашни режалаштирган, Россия доимо забт этиш ва қўлга киритишдан бошқа ҳеч нарса қилмагани ёзилган.

“Ўқув қўлланма Республика таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган ва 2020 йилда иккинчи нашрида чоп этилган. Биринчиси 2015 йилда нашр этилган ва ҳозирда 5-синф ўқувчиларининг камида 8 авлоди бузиб кўрсатилган фактлар асосида ўқитилмоқда”, дейилади мақолада.

Ўзбекистонлик атоқли ёзувчи, журналист ва жамоат арбоби Владимир Фетисов китобнинг бир-икки бандига изоҳ берди.

“Геббелснинг бир гапи бор: “Ёлғон қанчалик даҳшатли бўлса, унга ишониш осонроқ бўлади”. Ана шундай даҳшатли ёлғоннинг ёрқин мисоли ўзбек мактаб ўқувчилари ўрганаётган Ўзбекистон тарихи дарслигидир. Китобга кўра, Пётр I Ўрта Осиёнинг табиий бойликларини ҳам тортиб олишни режалаштирган. Савол туғилади: биз қандай бойлик ҳақида гапиряпмиз – уран, нефть, фойдали қазилмалар? Ўрта Осиё хонликлари ўша даврда қандай бойликларга эга эди? Буюк Пётр Ҳиндистонга сув йўли топиш ва Хива билан савдо-сотиқ бўйича музокаралар олиб бориш мақсадида Бекович-Черкасскийнинг кичик отрядини юборди. 200 кишилик отряд (фақат хавфсизлик учун) Хива ва Бухоро ҳукмдорлари қўшинлари учун хавф туғдира олмас эди. Қўшинга нима бўлди? Турар жой қулайлиги баҳонасида Хива хони томонидан отряд бўлиниб, йўқ қилинган, Бековичнинг боши Бухоро амирига совға сифатида юборилган, терисидан ноғора ясалган. Кампаниянинг омон қолган иштирокчилари қулликка сотилди. Лекин дарслик муаллифлари, албатта, бу ҳақда ёзмаганлар”, деган у.

“Туркистон ташкилотчилари”, “Биринчи замон” каби китоблар ва бошқа илмий-оммабоп тарихий асарлар муаллифи Владимир Фетисов дарсликнинг атиги уч саҳифасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган фактларнинг бутун рўйхатини аниқлаганини иддао қилган. Унинг айтишича, 1865 йилда бутун Ўрта Осиё забт этилгани “қўпол хато”дир. 1873 йилда Хива, 1885 йилда Туркманистон, Бухоро ва Хива хонликларнинг ички ишларига аралашмаган Россия протекторати остида мустақил давлатлар бўлиб қолган. Кичик диний тўқнашув сифатида кўрсатилган миллий озодлик ҳаракати ҳақидаги фактлар ҳам алмаштирилган. Совет Иттифоқи фуқаролари ва биринчи навбатда руслар жабр кўрган Сталин қатағонлари борасидаги фикрлар ҳам хато.

Владимир Фетисов воқеалар ҳақида ўзигагина хос бўлган батафсил таҳлил, “асл ҳақиқат”ларни тақдим этган:

“Кейин, 1917 йилдан кейин, дарслик муаллифларининг фикрича, мустақиллик учун миллий озодлик кураши бошланади. Бу курашнинг етакчиларидан бири Қурбоши Мадаминбек, Иброҳимбек ва бошқалардир. Ва яна, ёлғон тушунчалар киритилганини кўриш мумкин. Муаллифлар негадир босмачилар билан ёнма-ён, Константин Монстров бошчилигидаги рус Фарғона қўшини Қизил Армияга қарши жанг қилганини ёзмаган. Улар ҳам мустақиллик учун курашганми? Йўқ, бу собиқ империянинг бутун ҳудудида алангаланган фуқароларнинг синфий уруши эди. Қизил Армия сафларида ўзбеклар, тожиклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизлар жанг қилган. Фрунзенинг ўринбосари Карим Ҳакимов, кейинчалик СССРнинг Саудия Арабистонидаги биринчи элчиси эди. Руслар ҳам босмачилар тарафида эди”.

“Asia Today” нашрининг келтиришича, дарсликлардаги ҳақиқатга тўғри келмайдиган ҳикоялар болаларни фақат Россияга қарши фикрларга етаклайди ва болалигидан уларда миллатлараро низоларни шакллантиради.

“Ўзбекистон давлат сифатида фақат Совет Иттифоқи туфайли пайдо бўлганини унутмаслигимиз керак. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳар доимгидек илиқ ва дўстона бўлиб турган бир пайтда ўзбек мактаб ўқувчилари бу ёлғон дарсликдан фойдаланиб тарих фанини ўрганишаётгани жуда ғалати. Бу дарслик Россияга нисбатан нафратдан бошқа нарса келтира олмайди”, деган Фетисов.

Владимир Фетисовнинг иддао ва алам билан қўшимча қилишича, бугунги кунда Россияда 60 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Ўзбекистонда эса Россия олий ўқув юртларининг 14 та филиали фаолият кўрсатмоқда. Олий таълим соҳасида Россия ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро алоқалар анча йўлга қўйилган, аммо Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини, ақли нозик ва мўрт бўлсада, русофобга айлантиришга ҳаракат қилинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон тарих фани дарслиги Пётр I

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг