Ўзбекистон қонунчилигида “ватанпарварлик учун” жарима борлиги эслатилди

Жамият

image

Уй-рўзғор буюмлари ва бошқа турдаги товарларда давлат герби ва байроғи тасвирларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева маълум қилди.

Ўринбоева Instagram ижтимоий тармоғидаги  саҳифалардан бирида намойиш қилинган уй-рўзғор буюмларида давлат герби ва байроғи тасвирларидан фойдаланилганини танқид остига олар экан, бу давлат рамзларига нисбатан ҳурматсизлик эканини эслатган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси “Давлат герби тўғрисида”ги Қонунининг 5-1-моддаси ҳамда “Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунининг 5-2-моддасига мувофиқ, давлат рамзлари тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида давлат герблари, байроқлари ва давлат мукофотларининг тасвири туширилган белгилар; давлатларнинг расмий номлари товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмаслиги белгиланган”, дейилган хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

Шунингдек, бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 203 прим 1-моддасида ҳам жавобгарлик белгиланган.

“Адлия вазирлиги давлат рамзларини ҳурмат қилишни ва қонунга биноан фаолият юритишни сўраб қолади”, деган Ўринбоева.

Бироқ, дунё мамлакатлари давлат рамзларининг кийимлар ва бошқа товар маҳсулотларида акс этишини ноқонуний деб ҳисобламайди.

Масалан, 2006 йилдан Австралиянинг Мелбурн шаҳрида фаолият бошлаб, бутун дунёдаги 700 мингдан ортиқ рассом ва дизайнерларнинг ижод намуналарини сотиши учун имконият яратиб берувчи Redbubble платформаси халқаро давлатлар байроқлари тасвири туширилган кийимларни сотувга чиқаради.  

Бу ўша мамлакатнинг тарғиботи учун айни муддаодир.

Amazon, AliExpress, Etsy, Zazzle каби йирик онлайн савдо дўконлари ҳам давлат рамзлари акс этган товарлар, сувинерларни савдога чиқаради.


Мақола муаллифи

Теглар

байроқ герб рамз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг