Сенатор Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон гербини ўзгартиришни таклиф қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов Ўзбекистон давлат гербидаги айрим рамзлар бўйича фикр билдириб, мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган миллий символларда ўша даврга хос сиёсий эҳтиёткорлик ва иккиланиш акс этганини таъкидлади. Бу ҳақда у Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий йўли ҳақидаги мақоласида ёзган.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси бўлган сенатор ўз мақоласида давлат рамзлари мавзусига тўхталиб, гербда пахта ва буғдой тасвирлари сақланиб қолганига эътибор қаратган.

Унинг фикрича, мустақилликдан кейин ҳам мазкур рамзларнинг қолдирилиши собиқ тузумдан мафкуравий жиҳатдан тўлиқ узилиш юз бермаганини кўрсатади.

“Мустақил давлатга айланганимиздан кейин ҳам гербимизда пахта ва ғалла сақланиб қолди. Нега айнан шу рамзлар танланган?”, дея савол қўяди сенатор.

Рафиқовнинг қайд этишича, узоқ йиллар давомида мамлакат ижтимоий ҳаётида пахтачилик ва ғаллачилик марказий ўринда бўлиб келган, бу эса жамият тафаккурига ҳам таъсир ўтказган.

У совет ва постсовет давридаги риторика асосан дала, ҳосил ва режа атрофида шаклланганини таъкидлаб, бу ҳолат эркин фикрлаш муҳитини чеклаган бўлиши мумкинлигини айтган.

Сенатор шунингдек, бугунги “Янги Ўзбекистон” концепцияси аввалги қарашлардан фарқ қилишини, жамият дунёқарашида ҳам сезиларли ўзгаришлар юз бераётганини қайд этган.

“Вақт ўтиши билан мустақилликнинг илк йилларидаги хавотир ва эҳтиёткорлик давлат рамзларида ҳам муайян маънода акс этганини кўриш мумкин”, дейди у.

Қудратилла Рафиқов мақоласида Ўзбекистоннинг турли даврлардаги уч хил қиёфаси – “совет Ўзбекистони”, “посткоммунистик Ўзбекистон” ва “Янги Ўзбекистон” ҳақида ҳам мулоҳаза юритган.

Сенаторнинг фикрлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар давлат гербини янгилаш ғоясини қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар мамлакатда бундан муҳимроқ масалалар борлигини таъкидламоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг амалдаги давлат герби 1992 йил 2 июлда қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев герб Қудратилла Рафиқов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг