Ўзбекистон қийин кечган баҳсда Эронга имкониятни бой бериб қўйди
Спорт
−
20 Июнь 2023
10761Бугун, 20 июнь куни “CAFA Nationʼs Cup 2023” мусобақасининг финал баҳсида Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари ўзаро куч синашди.
Учрашувнинг биринчи бўлимига старт берилиши билан ўзбекистонлик футболчилар фаолликни ўз томонига оғдириб олди. Биринчи дақиқанинг ўзида жамоавий ҳужум уюштирган Ўзбекистон томонини рақиб футболчилари қўполлик ишлатиб тўхтатиб қолди.
Жалолиддин Машарипов Эрон жарима майдони яқинида ўзи ишлаган вазиятни жонли деворни мўлжалга олиш орқали йўққа чиқарди.
Бир мунча қўполликларга бой бошланган баҳснинг дастлабки 5 дақиқалигида форслар муҳофазасидаги ҳудудда ҳужум вазияти бартараф этилди бироқ, бу ҳолатда Эрон дарвозабони Али Ризо ва ҳимоячиси Саид Эзатолаҳи ўзаро тўқнашиб кетди. Оқибатда рақиб жамоанинг тажрибали дарвозабони алмаштирилди.
Шунингдек, учрашувнинг 12-дақиқасида ўзбекистонлик футболчилар майдон марказида хатога йўл қўйди. Бундан унумли фойдаланган Сардор Азум дарвозани тўғри мўлжалга олди аммо, ҳакам бу вазиятни ўйиндан ташқари ҳолат деб баҳолади ва гол ҳисобга олинмади.
Финал баҳсини босқариб бораётган россиялик ҳакам Кирилл Левников тўхталишларни инобатга олган ҳолда ўйиннинг асосий вақтига 8 дақиқа қўшиб берди. Бир қанча хавфли вазиятлар ва қўполликлар ичида ўтган баҳснинг биринчи бўлими 0:0 ҳисобида якунланди.
Учрашувнинг иккинчи 45 дақиқалигида фаолликни оширган Эрон терма жамоаси 47-дақиқада Ўзбекистон дарвозасига гол киритиб ҳисобни очди. Гол муаллифи Сардор Азум.
Иккинчи бўлимнинг асосий вақтида ҳисоб ўзгармади. Эрон терма жамоаси аъзоси Муҳаммад Канони қизил карточка олди ва майдонни тарк этиш ўрнига ҳакамга эътироз билдириб чим устига ётиб олди. Бу вазият жамоалар ўртасида катта можаро келтириб чиқарди.
Майдондаги баҳсли вазият якунлангач, биттага кам бўлиб қолган Эрон Ўзбекистон устидан 1:0 ҳисобида ғалабага эришди.
Шу тариқа форслар “CAFA Nationʼs Cup 2023” мусобақасининг расмий чемпионига айланиб, финал кубогини уйига олиб кетадиган бўлди.
Муҳсинжон Умурзоқов
LiveБарчаси