Ўзбекистон Қирғизистондаги воқеалардан жиддий ташвишдалигини билдирди
Жамият
−
06 Октябрь 2020
17690Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон Республикаси парламентига ўтказилган сайловлардан кейин мамлакатда юз бераётган тартибсизларга нисбатан муносабат билдирди. Қайд этилишича, расмий Тошкент Қирғизистондаги вазиятдан жиддий ташвишда.
“Қирғиз Республикасида юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистон Республикасида жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилади.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини яна-да ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз.
Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.
Ҳозирги мураккаб вазиятда биз Ўзбекистонда кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрмиз”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди.
LiveБарчаси