Ўзбекистон қирғиз-тожик чегарасидаги отишмани зудлик билан тўхтатишга чақирди
Жамият
−
29 Апрель 2021
17727Ўзбекистон Республикаси қирғиз-тожик давлат чегарасида вазиятнинг кескинлашуви ва иккала томоннинг ҳам қурбон бўлишига олиб келган ушбу вазият тўғрисида чуқур хавотир билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
“Биз томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз”, дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.
Қайд этилишича. бугунги кунда барча масалалар ва мавжуд муаммолар фақат Марказий Осиёдаги қардош халқларга хос бўлган кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари руҳидаги музокаралар ҳамда маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши керак.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси юзага келган вазиятни тезроқ тартибга солиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилган.
Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро
Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти олдида кўприк қуриш ҳаркатини бошлагани сабаб бўлди.
Жорий йилнинг 28 апрель куни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тожикистон билан чегара ҳудудида қирғиз ва тожик фуқаролари ўртасида яна зиддият келиб чиқди.
Маълум қилинишича, можаро тожик томонининг Оқсой овули Кўк-Тош қишлоғидаги устунларга видеокузатув камераларини ўрнатишга қарор қилганидан кейин бошланган.
Кейинчалик, Қирғизистон Тожикистонни чегарадаги вазиятни кескинлаштираётганликда айблади.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Музаффар Ҳусайнзода қирғизистонлик дипломатга Қирғизистон Чегара хизмати вакилларининг мамлакатнинг вояга этмаган икки фуқаросига нисбатан қўллаган ноқонуний хатти-ҳаракатлари муносабати билан нота топширди.
29 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида, Боткен вилояти Кўк-тош қишлоғидаги “Головной” сув тақсимлаш пункти атрофида маҳаллий вақт билан тахминан соат 14:00 да отишма бошланди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди.
LiveБарчаси