Ўзбекистон Исроил ва Эронни вазминликка чақирди
Жамият
−
13 Июнь 3803 2 дақиқа
Бугун, 13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ҳудудига зарба бергани ортидан Ўзбекистон можаро томонларини вазминликка чақирди. Бу ҳақдаги тегишли баёнот Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди.
“Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги инсонларнинг ҳалокатига ва Яқин Шарқда вазиятнинг кескинлашувига олиб келган Исроилнинг Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиёти юзасидан чуқур хавотир билдиради”, дейилади баёнотда.
Расмий Тошкент барча томонларни тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва низони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирди.
“Кенг кўламли тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган жиддий вазиятнинг янада кескинлашуви хавотир уйғотмоқда”, дейилади ТИВ баёнотида.
Шунингдек, Ўзбекистон минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган ва можаронинг кескинлик даражасини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” профилактик зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Live
Барчаси