Ўзбекистон илк бор Венеция биенналесида иштирок этади
Олам
−
29 Апрель 2021
4497Ўзбекистон Республикаси жорий йилнинг 22 майидан 21 ноябригача бўлиб ўтадиган Венеция архитектура биенналесида илк бор “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти” мавзусидаги миллий павильони билан иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Венеция биенналесида Марказий Осиё минтақасидан иштирок этаётган биринчи мамлакат бўлади.
Бу Ўзбекистоннинг Венеция биенналесидаги дебют лойиҳасидир. Павильон комиссари – Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси. Лойиҳанинг асосий вазифаси глобал маданий оламда миллий иштирокни мустаҳкамлашдан иборат.
Қайд этилишича, кўргазманинг кураторлари Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги Олий техника мактабининг архитектура ва дизайн профессорлари ва Christ & Gantenbein архитектура бюроси шерик-асосчилари Эмануэль Крист ва Кристоф Гантенбейнлардир. Лойиҳанинг рассоми ва овоз режиссёри — Карлос Касас; фотограф ва рассоми — Бас Принсен. “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти” лойиҳаси маҳаллаларнинг Ўзбекистон учун маданий ва меъморий аҳамиятини ўрганади ва 17-Венеция Халқаро архитектура биенналесининг бош саволи – “Биз қандай қилиб бирга яшаймиз?”га жавоб беради.
“Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти лойиҳаси” – бу халқаро жамоанинг ҳамкорлиги натижаси бўлиб, унда ташкилотчилар глобал тажриба ва маҳаллий истеъдодга таянган. Шундай қилиб, Тошкент шаҳридаги Замонавий санъат марказининг фанлараро экспериментал лабораторияси остида фаолият юритаётган Ўзбекистоннинг ёш рассомлари ва меъморлари Ўзбекистон Миллий павильонини яратиш доирасида маҳаллий тадқиқотларда фаол қатнашиб, лойиҳага улкан ҳисса қўшган.
Хабарга кўра, очилиш маросимида Ўзбекистон номидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Миллий павильонининг ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кенгаши раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори ва кўргазма лойиҳаси комиссари Гаяне Умерова иштирок этади. Улар маҳаллалар аҳолиси билан суҳбатлар ўтказиб, Венеция архитектура биенналесидаги Ўзбекистон павильонига ташриф буюрувчилар учун бепул тақдим этиладиган фанзин (fan magazine – фан-журнал) яратишди.
“Биз “La Biennale Di Venezia” халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон Республикаси Миллий павильонининг биринчи лойиҳасини тақдим этишдан мамнунмиз. Мамлакатимизнинг бой меъморий мероси ҳамда замонавий маданий, илмий ва профессионал ютуқлари халқаро мулоқотнинг тўлақонли иштирокчилари бўлишимиз, самарали маданий алмашинувни бошлашимиз ва долзарб минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун хорижий мутахассисларни таклиф қилишимизга имкон беради”, дейди Азиз Абдуҳакимов.
Ўзбекистонда қадриятлар, асосан, шаҳар шароитида ўрнатилган чинакам қишлоқ муҳити сифатида юзага келади ва ушбу маҳаллий маданият муассасаси алоҳида аҳамият касб этади.
“Бизнинг олдимизда ўз меросимизни сақлаш ва шу билан бирга уни шиддат билан ўзгариб бораётган дунё талабларига мослаштириш вазифаси турибди. Венеция биенналесидаги Миллий павильон бу каби академик ва бадиий изланишлар, дунёнинг энг яхши мутахассислари билан мулоқот қилиш ва кенг жамоатчиликка биргаликдаги натижаларни намойиш этиш учун идеал майдондир”, дейди Саида Мирзиёева.
LiveБарчаси