Ўзбекистон Ғазодаги шифохонага қилинган ҳужумни қоралади

Жамият

image
Ғазодаги шифохонага бомба ташланди. Қурбонлар кўп north_east

Ғазодаги шифохонага бомба ташланди. Қурбонлар кўп

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғазо секторидаги Ал-Аҳли шифохонасига уюштирилган ҳаво ҳужумини қоралади. Бу ҳақда бугун, 18 октябрь куни ТИВ баёнот берди.

“Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик. Бу даҳшатли зўравонлик ҳаракатини кескин қоралаймиз ва буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз”, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон ТИВ вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган ҳолда, можаро томонларини зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда ўт очишдан тийилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин-Исроил можароси ҳудудида тинч аҳоли орасида кўплаб қурбон берилишига олиб келган ва бутун Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдирганди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашиши катта мамлакатларнинг тарафкашлиги оқибати эканини айтганди.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида Ғазода 3 минг киши ҳалок бўлган, 13 минг киши жароҳатланган.  Исроил томонидан қурбон бўлганлар сони 1,4 минг кишини ташкил этади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг