Ўзбекистон газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин
Жамият
−
28 Июнь 2022
23209Ўзбекистон 2025-2026 йилларга бориб газ экспортидан бутунлай воз кечиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзтрансгаз” компанияси бошқаруви раиси Беҳзот Нарматов маълум қилди, дея хабар бермоқда “Интерфакс”.
"Эҳтимол, яқин келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган газнинг ҳаммаси мамлакатда қолар, чунки кимё заводлари кенгаймоқда, ички иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш керак. Ҳа, экспорт бор эди, лекин бизда ҳали ҳам иқтисодий динамика ўйлагандек эмас. Биз иш ўринлари яратишимиз керак, лекин тоза кўринишда экспортни амалга ошириш керак – уни қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирларини яратиш иқтисодиёт учун қанчалик фойдали?”, дейди Нарматов экспортнинг тўхташи 2025-2026 йилларга бориб содир бўлиши мумкинлигини айтиб.
Айни пайтда Ўзбекистонда қазиб олинаётган газнинг қарийб 10 фоизи Хитойга экспорт қилинмоқда. Норматовнинг сўзларига кўра, фоиз Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ойдан ойга ўзгариб туради. Қоидага кўра, экспорт қилинадиган газ ҳажми қишда қисқариб, ёзда кўпаяди.
"Бизнинг Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритувчи компаниялар олдидадаги маълум мажбуриятларимиз бор. Яъни, лойиҳалар иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида – Хитой компаниялари, Россия компаниялари – биз уларга газ экспортини таъминлаймиз (экспорт учун газ Ўзбекистон ички бозоридаги нархлардан бир неча баравар юқори нархларда сотилади). Буларнинг барчасини ички бозорга йўналтиришимиз мумкин эди, лекин биз келишувларга амал қиламиз”, дейди “Ўзтрансгаз” раҳбари.
Маълумот учун, бундан икки йил аввал — 2020 йилда Ўзбекистон Бош вазир Абдулла Арипов газ экспортини 2025 йилгача тўхтатиб, уни мамлакат ичида тўлиқ қайта ишлашга ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтилишини айтган эди.