Ўзбекистон фуқаролари Гонконгга визасиз бориши мумкин
Жамият
−
09:13 1237 2 дақиқа
Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида ўзаро визасиз тартиб жорий этилиши кутилмоқда. Томонлар ҳукуматлараро визасиз режим тўғрисидаги битимни тузиш ниятини тасдиқловчи вербал ноталар билан алмашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Маълум қилинишича, вазир Тошкент шаҳрида Гонконг махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Жон Ли Ка-чиу билан учрашган.
Музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган. Томонлар Гонконгнинг йирик халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибаси Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва илғор лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.
Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Учрашув давомида ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тузиш нияти бўйича вербал ноталар алмашилган. Қайд этилишича, мазкур битим имзоланиши фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш, сайёҳлик, бизнес ва гуманитар алмашинувларни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 май куни Таиланд ҳукумати хорижликлар билан боғлиқ жиноятлар сони ортаётгани сабаб 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун амал қилган визасиз муддатни қисқартирганди.
Янги тартибларга кўра, аввал 93 давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Европанинг Шенген ҳудуди давлатлари ҳамда Австралия фуқаролари учун амал қилган 60 кунлик визасиз режим бекор қилинади. Бу рўйхат орасида Ўзбекистон ҳам бор. Эндиликда сайёҳлар Таиландда визасиз фақат 30 кунгача қолиши мумкин.
Live
Барчаси