Ўзбекистон Embraer’дан C-390 самолётини қабул қилиб олди
Жамият
−
12:39 1659 2 дақиқа
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб Бразилиянинг Embraer компанияси ишлаб чиқарган C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётини қабул қилиб олди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, самолётни топшириш маросими кеча, 25 сентябрь куни Бразилиянинг Гавиао Пехото шаҳридаги Embraer заводида бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурхонов ҳамда “Oʻztextreyd” давлат муассасаси директори Олимхон Рустамов иштирок этган.
Компания маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Embraer ўртасидаги тегишли шартнома 2024 йил охирида имзоланган. Келишув самолётдан фойдаланиш бўйича кенг қамровли ўқув ва техник ёрдам, шунингдек эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.
C-390 Millennium ўрта тоифадаги кўп мақсадли ҳарбий-транспорт самолёти бўлиб, 26 тоннагача юк ташиши мумкин. Унинг максимал тезлиги 470 узелни (тахминан 870 км/соат) ташкил этади.
Самолёт юк ва ҳарбий хизматчиларни ташиш, техника ва шахсий таркибни ҳаводан тушириш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув ишлари, ёнғинларга қарши кураш ҳамда гуманитар миссияларда фойдаланиш учун мўлжалланган. У вақтинчалик ёки асфальтланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади.
Шунингдек, тегишли жиҳозлар ўрнатилганда C-390 Millennium ҳавода бошқа самолётларга ёнилғи қуйувчи танкер сифатида ҳам, ҳаводан ёнилғи қабул қилувчи самолёт сифатида ҳам ишлаши мумкин.
Embraer маълумотларига кўра, C-390 Millennium самолётини Бразилия, Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, БАА, Словакия, Колумбия ва Литва ҳарбий-ҳаво кучлари ҳам танлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Бразилиянинг Embraer компаниясидан C-390 Millennium ҳарбий-транспорт самолётларини сотиб олиши ва мамлакат ушбу самолётлардан фойдаланадиган Марказий Осиёдаги биринчи давлатга айланиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси