Ўзбекистон элчиси Рим папасига ишонч ёрлиқларини топширди

Жамият

image

Ватиканнинг Ҳаворийлар саройида Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов Рим Папаси Лев XIVга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди. 

Суҳбат чоғида элчи Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтган. Ўзбекистон Президенти номидан Рим папасига самимий салом ва энг эзгу тилакларини етказган.

Рим папаси Лев XIV Ўзбекистон Президенти ва халқига чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этган. У Ўзбекистон ва Ватикан ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён ўтган 33 йил давомида турли миллат ва дин вакиллари ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган мустаҳкам ҳамкорлик салоҳияти шаклланганини таъкидлаган.

Шунингдек, у Самарқанднинг Шарқ ва Ғарб дунёсига таъсир кўрсатадиган фалсафий ва диний тафаккурнинг йирик маркази сифатидаги аҳамиятига алоҳида эътибор берган. Ўзбекистон анъанавий равишда динлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини илгари суриш тарафдори экани, бу борадаги халқаро ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлаётгани таъкидланган.

Учрашув якунида Рим папаси Лев XIV ўзбек халқининг гуллаб-яшнаши учун ибодат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон ва Ватикан ўртасидаги дўстлик ва конструктив ҳамкорлик янада мустаҳкамланишини тилаган.

Маълумот учун, Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси ҳисобланади. 2024 йил 9 апрель куни дипломат Испания Қироли Филипп VIга ишонч ёрлиқларини топширган.

Бундан ташқари, дипломат ўриндошлик асосида Ўзбекистоннинг Андоррадаги элчиси ҳисобланади. 2025 йил 11 март куни у Андорра ҳамраиси, Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширган.

Эсвлатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 11 декабрь куни Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” мукофоти ҳайъати йиғилиши доирасида Рим Папаси Лев XIV билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Рим папаси Ватикан Лев XIV

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг